БМТнинг олий комиссари: инсоният ўз келажагига “ўт қўймоқда”

Жаҳон 10:18 / 11.09.2019 8108

БМТнинг олий комиссари Мишель Бачелет Женевада халқаро ташкилотнинг инсон ҳуқуқлари кенгаши сессиясини оча туриб глобал исиш оқибатлари фалокатли бўлишидан огоҳлантирди ва инсониятни иқлим ўзгаришларидан асрашга чақирди. Бу ҳақда “БМТ янгиликлар маркази”да маълум қилинган

БМТ вакили инсон ҳуқуқлари соҳасидаги бошқа масалаларга тўхталиб, Украина ва Россия ўртасида маҳбуслар алмашилишини қутлаган, Россия ва Қозоғистондаги намойишлар иштирокчиларининг ҳибсга олинишларини қоралаган ва АҚШни мигрантлар ҳуқуқларига амал қилишга чақирган.  

Бачелет кенгашнинг 42-сессияси очилишидаги нутқининг аксар қисмини иқлим ўзгаришларига бағишлаган ва бу муаммо барчага тааллуқли эканини ҳамда янги ижтимоий-иқтисодий силсилалар, қуролли ихтилофлар сони ошиши, аҳолининг кўчиши ва ўлим даражасининг кескин ошишига олиб келишини таъкидлаб ўтган. 

“Иқлим ўзгариши – бу дунёнинг барча минтақаларини қамраб олувчи ҳақиқатдир. Глобал исиш оқибатлари инсон ҳуқуқлари учун фалокатли бўлади. Тобора тез-тез юз бераётган довуллар ва денгиз сатҳининг кўтарилиши орол давлатлар ва соҳилбўйида жойлашган шаҳарларнинг сув остида қолишига олиб келиши мумкин. Бизнинг ўрмонлар ёнмоқда, музликлар эримоқда”, деб айтган олий комиссар. У инсоният том маънода ўз келажагига “ўт қўяётганини” айтган.

Бачелет БМТ маълумотларига таяниб иқлим ўзгариши бутун дунёда очарчилик кўламини оширгани, 2030 йилдан 2050 йилгача у йилига 250 минг кишининг ҳаётини олиб кетишини қайд қилиб ўтган. Унинг таъкидлашича, одамлар очарчилик, безгак, ичбуруғ ва иссиқ уришлардан ҳалок бўлмоқдалар.

“Дунё инсон ҳуқуқларига бундай кўламдаги таҳдид билан ҳали тўқнаш келмаганди”, деб айтган Бачелет. У шу муносабат билан давлатларни одамларни глобал исишнинг мудҳиш оқибатларидан асрашга ва иқлим ўзгаришларига мослашиш бўйича чораларни мустаҳкамлашга эришишга чақирган. БМТ вакили иссиқхона газларининг атроф-муҳитга чиқарилишини камайтиришни, жумладан тикланувчи энергия манбаларига ўтиш бўйича жадалроқ чоралар кўришни қатъиян тавсия қилган.  

Кўпроқ янгиликлар