Айрим метро бекатларида ўрнатилган банкоматлар ишламаяпти. Марказий банк изоҳ берди

Ўзбекистон 13:56 / 11.09.2019 9380

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Банклар ассоциацияси мутасаддилари иштирокида “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори ижроси юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда метролар ва шаҳарнинг айрим жойларида ўрнатилган банкоматларнинг ишламаслиги, бу борада ким масъул экани ва учраётган муаммоларни бартараф қилиш борасида қандай чоралар кўрилаётгани тўғрисида саволга шундай жавоб қайтарилди:

«Бугунги кунда 600 дан ошиқ банкомат 24/7 режимида ишлайди. Ҳали ишга туширилмаган, лекин ўрнатилган банкоматларимиз сони ҳам анча. Метроларда банкоматларнинг ишламаслиги техник сабабларга боғлиқ бўлиши мумкин. Яъни, алоқа каналлари ўрнатиш ишларини йўлга қўймоқдамиз ва бу борада метрополитен билан ҳамкорликда чоралар кўрилмоқда. Лекин алоҳида таъкидлаб айтаман, савдо марказлари ва банк яқинига ўрнатилган барча банкоматлар кечаю-кундуз ишлаб турибди.

Шу каби муаммоларни бартараф этиш мақсадида марказлашган мониторинг тизими ўрнатиляпти. Унда ҳар бир ўрнатилган банкоматлар масофадан туриб назорат қилинади», — деди Марказий банк тўлов тизимлари ва ахборот технологиялари департаменти директори Дилшод Икромов.

Кўпроқ янгиликлар