Атом энергетикаси соҳасидаги ваколатли органлар белгиланди

Ўзбекистон 20:17 / 10.09.2019 2760

Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисидаги қонун эълон қилинди. Мазкур қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 2 июлда қабул қилинган бўлиб, 2019 йил 23 августда Сенат томонидан маъқулланган.

Ҳужжатда белгиланишича, атом энергиясидан фойдаланишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат: 

фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш, шунингдек атроф-муҳитни муҳофаза қилиш устуворлиги;

хавфсизликнинг таъминланиши;

ахборотнинг очиқлиги ҳамда ядровий қурол ва бошқа ядровий портловчи қурилмалар ишлаб чиқаришнинг тақиқланиши. 

Қонунда кўрсатилишича, атом энергиясидан фойдаланиш объектлари давлат мулкида ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган юридик шахслар мулкида бўлиши мумкин. Давлат мулкида ёки юридик шахслар мулкида бўлиши мумкин бўлган атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

Мазкур қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси юридик шахсларининг ядровий материалларга, шунингдек ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғига бўлган мулк ҳуқуқини чет давлатга ёки чет давлатнинг юридик шахсига ўтказиш тўғрисидаги битимлари Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда тузилади. 

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги атом энергетикаси соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Қонунга мувофиқ, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, илмий, конструкторлик ва лойиҳалаштириш ташкилотлари атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқаруви бўйича алоҳида ваколатларга эга бўлган давлат органлари, муассасалари ва ташкилотларидир.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, Геология ва минерал ресурслар, Давлат божхона қўмиталари, Фавқулодда вазиятлар, Соғлиқни сақлаш, Қурилиш, Ички ишлар, Мудофаа вазирликлари, Гидрометеорология хизмати маркази, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини давлат томонидан тартибга солиш бўйича алоҳида ваколатларга эга бўлган давлат органлари этиб белгиланди.

Кўпроқ янгиликлар