Хорижий инвесторларга тижорат банклардан 5 фоизгача миқдорда акцияларни сотиб олишга рухсат берилди

Иқтисодиёт 12:03 / 09.09.2019 3306

Вазирлар Маҳкамасининг “Банк фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қарор қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, Банк фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 25-банди (Ушбу Низомнинг 26-бандида кўрсатилган шахслар томонидан резидент банкларнинг акцияларини сотиб олиш бўйича операциялар Марказий банкнинг олдиндан рухсатини олгандан кейингина амалга оширилади) қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Резидент банкларнинг акцияларини, ушбу Низомнинг 26-бандида кўрсатилган шахслар томонидан акциялар умумий сонининг беш фоизига тенг ёки ундан ошиқ миқдорида сотиб олиш бўйича битимлар Марказий банкнинг олдиндан рухсатини олгандан кейингина амалга оширилади.

Ушбу Низомнинг 26-бандида кўрсатилган шахслар, Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган банк акциялари умумий сонининг беш фоизидан камроғини сотиб олиш тўғрисидаги битим амалга оширилгандан кейин бир кун ичида Марказий банкка ушбу Низомнинг 16-иловасига мувофиқ шаклда ушбу битим амалга оширилгани тўғрисида ёзма хабарнома юборадилар.».

Шу тариқа, киритилган ўзгартиришларга кўра, хорижий инвесторларга Марказий Банкнинг розилигисиз, тижорат банклардан 5 фоизгача миқдорда акцияларни сотиб олишга  рухсат берилди.

Кўпроқ янгиликлар