Формула-1: Леклер қаторасига иккинчи марта ғалаба қозонди

Спорт 20:21 / 08.09.2019 2370

«Феррари» жамоаси пойгачиси Шарль Леклер «Формула-1» автопойгасининг Италия босқичида ҳам ғалаба қозонди.

21 ёшли пойгачи мавсумдаги ва ўз фаолиятидаги қаторасига иккинчи пойгани ютди: бир ҳафта олдин у Бельгия гран-присида зафар қучганди.

2- ва 3-ўринларни «Мерседес» аъзолари Валттери Боттас ва Льюис Хэмилтон эгаллади.

Италян жамоаси учун ушбу ғалаба уй пойгасида 2010 йилдан бери биринчи ғалаба бўлди: ўшанда Монцадаги пойга трассасида испаниялик Фернандо Алонсо ғалаба қозонганди.

Умумий ҳисобда Хэмилтон 284 очко билан етакчиликни ўзида сақлаб қолмоқда. 2-ўринни Валттери Боттас (221), 3-ўринни Макс Ферстаппен (185) эгалламоқда. Пойга қаҳрамони Леклер эса 182 очко билан 4-ўринга кўтарилиб олди.

Пойганинг кейинги босқичи Сингапурда 19-22 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.

Кўпроқ янгиликлар