Тошкентнинг чиқинди қутиларисиз қиёфаси: нега кўчалар чиқинди уюмлари билан тўла?

Жамият 13:20 / 07.09.2019 18273

Тошкент шаҳрининг марказий кўчалари бўйлаб юрсангиз, тоза, тартибли, ҳақиқий «пойтахт нафаси» сезилади. Лекин чеккароқ туманларнинг чеккароқ ҳудудларида, аҳоли гавжум жойларда чиқинди уюмлари тўпланиши одатий ҳолга айланган. Шаҳарнинг бир неча ҳудудларини кузатиб, кўчалар чиқиндихоналарга айланиб бораётганига оддийгина чиқинди қутилари етишмаслиги сабаблигига гувоҳ бўлдик.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

«Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ҳудудларда чиқинди қутиларини жойлаштиришнинг жисмоний ва юридик шахслар учун мажбурий тартиби белгиланган. Яъни:

кўп квартирали уйларнинг подъездига кириш йўлида — 1та;

ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ташкилотлар, шунингдек, савдо объектларининг биносига кириш/чиқиш йўлида — 1-2та;

метро, ер ости ва ер усти ўтиш жойларининг ҳар бир кириш/чиқиш йўлида — 2та;

аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини ва ҳордиқ чиқаришини қондириш учун мўлжалланган объектларда (маданият ва истироҳат боғлари, ўрмон массивлари, боғлар, бульварлар, хиёбонлар ва бошқалар) — объектнинг ҳар 800 м2 майдонида 1та ва йўлаклар ва йўлкалар чизиғи бўйлаб ўрнатилганда бир-биридан 40 метрдан узоқ бўлмаган масофада;

бозорлар ва савдо объектларида (супермаркет, гипермаркет ва бошқаларда) — объектнинг ҳар 250 м2 майдонида 1та ва савдо дўконлари қатори бўйлаб ўрнатилганда — бир-биридан 10 метрдан узоқ бўлмаган масофада;

жамоат йўловчи транспорт бекатларида — 1-2та;

автотураргоҳлар ва автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш майдончаларига кириш/чиқиш йўлида — 1-2та;

даволаш муассасаларининг ҳовли ҳудудида — объектнинг ҳар 700 м2 майдонида 1та, асосий аллеяларда эса — бир-биридан 10 метрдан узоқ бўлмаган масофада;

чекиш учун махсус ажратилган жойларда — 1-2та;

пляжлар ва сув акваториялари (дарёлар, кўллар, кўрфазлар ёки ҳовузлар)га туташ рекреация зоналарида — сув бўлинишидан 15 м ҳамда яшил экинлардан 3-5 м узоқликда жойлаштирган ҳолда, объектнинг ҳар 800 м2 майдонида 1та;

кўп квартирали уйлар атрофидаги ҳудудларда ва марказий майдонларда, йўлкаларда ҳамда магистрал кўчаларнинг пиёдалар зонаси бўйлаб, шунингдек, кўприкларда — ҳудуддан фойдаланиш интенсивлигидан келиб чиқиб, пиёдалар серқатнов ҳудудда — ҳар 50 метрдан ошмаган масофада ва одам кам жойларда — ҳар 100 метрдан ошмаган масофада 1тадан чиқинди қутиси бўлиши лозим.

Аммо серқатнов, аҳоли гавжум бўлган ҳудудларда наинки ҳар 50 метр, ҳар 100-120 метрда ҳам чиқинди қутилари учрамайди. Бутун бошли катта бозор ҳудудида 1-2та қути топилади, холос. Ариқларда сув эмас, чиқинди оқишига-ку ажабланмаса ҳам бўлади. Булар эса нафақат шаҳарнинг кўринишига путур етказади, балки жиддий антисанитария ҳам.

«Чилонзор» метроси атрофида тозалаш ишлари билан банд бўлган ободонлаштириш хизмати ходимларининг бири айтишича, яқин атрофдаги бозор ҳудудида чиқинди қутилари йўқлиги боис бозордаги сотувчилар бекатлардаги қутилардан фойдаланишмоқда.

— Бекатларда ўрнатилган қутилардан фақат бозордаги савдогарлар фойдаланяпти. Куннинг биринчи ярмидаёқ қутини тўлдириб чиқинди ташлашади. Қарабсизки, ўткинчи йўловчилар чиқиндини ерга, дуч келган жойга ташлаб кетади. Қутиларни бўшатишга улгурмай қоламиз. Неча марта шикоят қилганмиз, фойдаси йўқ. Яна ўзларининг картон ва пўчоқ бошқа чиқиндиларини шу ерга бўшатаверишади, — дейди исми сир қолишни истаган Чилонзор туман ободонлаштириш хизмати ходими.

Худди шу «Чилонзор» метро бекатига яқин ҳудудда, кўчанинг кўзга ташланадиган қисмида каттагина чиқинди уюми ҳосил бўлган. Яқин атрофдаги сотувчиларнинг шикоятига кўра, ҳар куни бу «свалка»ни «Махсустранс» йиғиштириб, олиб кетади. Лекин яқин атрофда чиқинди ташланадиган жой йўқлиги боис аҳоли яна шу ерга чиқиндини тўкишга одатланган.

— Бу «свалка»дан маҳаллий ҳокимиятнинг ҳам хабари бор. Лекин ҳеч қандай чора кўришмайди. Бу чиқинди уюмининг атрофида каламушлар ўйнаб юришига, бадбўй ҳидга ҳам кўникиб боряпмиз.

Чиқинди сабабли кўчалардаги нохуш манзаралар кўпинча аҳолининг маданиятсизлиги билан боғланади. Тўғри, биров тозалайдиган жойга кўра-била туриб чиқинди ташлаш маданиятсизликнинг энг тубан кўринишларидан бири. Аммо чиқинди қутилари бўлмаса, одамлар нима қилади? Чиқиндини сумкасига соладими, ариққа ташлайдими? Пойтахтда аҳвол шунақа бўлса, вилоятлардан нимани кутиш мумкин?!

Саодат Абдураҳмонова
Тасвирчи: Дониёр Ёқубов

Кўпроқ янгиликлар