17 ёшли абитуриент 18та ОТМда ўқиш имкониятини қўлга киритди

Жамият 22:20 / 03.09.2019 97516

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида яшовчи Жаҳонгир Махаматкаримов учун бу йил эсда қоларли ва кутилмаган хабарларга бой бўлди. Эндигина 17 ёшга тўлган Жаҳонгир хориж ва Ўзбекистондаги 18та олий ўқув юртида ўқиш имкониятини қўлга киритди. У танлаган йўналишларнинг аксарияти иқтисодиёт соҳаси билан боғлиқ.

Видео: Facebook

Видео: Mover (tas-ix)

«Туманимиздаги 279-мактабда ўқиб юрган пайтларимда ҳар доим тенгдошларимдан нимадир билан ажралиб туришга интилардим. Бир куни «Даракчи» газетасида Жасурбек исмли ҳамюртимиз ҳақида мақола ўқиб қолдим. У бирданига 12та университетга ўқишга киргани мени ҳайрон қолдирди ва унга ҳавас қилдим. Ўша пайт «Менинг кучим нечта университетга киришга етаркин?», дея ўзимга савол берганман. Шундан сўнг астойдил таҳсил олишга киришдим ва мактабни битириш арафасида турли ОТМларга ҳужжат топшириб кўрдим», дейди Жаҳонгир.

Билим даргоҳини тамомлашига бир неча ой қолганига қарамай, бўлажак абитуриент бир қатор хориж олий таълим масканларига ҳужжат топшириб, имтиҳон жараёнларида бевосита, айримларида эса онлайн қатнашди. Дастлаб, Россия Федерациясидаги Олий иқтисодиёт мактабидаги олимпиада кўринишида ўтган синовда иштирок этди ва унда давлат гранти асосида ўқиш имконияти туғилди.

Жаҳонгирнинг айтишича, у IELTS сертификатини олганидан сўнг Тошкентда жойлашган бир қатор халқаро олийгоҳ филиаллари - Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Халқаро Вестминстер ва Инҳа университетларига ҳужжат топширган ҳамда барчасига талабаликка қабул қилинган.

Жаҳонгир Махаматкаримов

Россияда жойлашган Тюмен индустириал университети вакиллари Тошкентга келишганида Жаҳонгир улар билан суҳбатлашиб, синовда иштирок этган. Навбатдаги ҳаяжонли жараёнда ҳам омади кулиб, 262 балл билан 60та факультетдан бирида давлат гранти асосида ўқиш таклифига эришган. Унинг энг паст балл кўрсаткичи Ёджу техника университети имтиҳонларида қайд этилган - 100 баллик система бўйича 97,8 балл.

IELTS тизимида 6.0 натижа кўрсатган Жаҳонгир кейинги таълим жараёнини И.М. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкентдаги филиалида давом эттирмоқчи.

«8-синфлигимдан буён мазкур олийгоҳда ўқишни орзу қилардим. Бу ниятим амалга ошганидан хурсандман», - дейди Жаҳонгир.

Қайд этиш жоизки, 17 ёшли Жаҳонгир Махаматкаримов қуйидаги ОТМларда ўқиш имкониятига эга бўлди:

1. Тошкент давлат иқтисодиёт университети (давлат гранти асосида)

2. Тошкент Молия институти (давлат гранти асосида)

3. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (давлат гранти асосида)

4. Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти (шартнома асосида)

5. Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети (шартнома асосида)

6. Тошкент шаҳридаги Инҳа университети филиали (шартнома асосида)

7. Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти (шартнома асосида)

8. Тошкент шаҳридаги Вебстер университети филиали (шартнома асосида)

9. Тошкент шаҳридаги И.М. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети филиали (шартнома асосида)

10. Тошкент шаҳридаги Amity университети филиали (шартнома асосида)

11. Андижон шаҳридаги Шарда университети филиали (шартнома асосида)

12. Москвадаги Олий иқтисодиёт мактаби (давлат гранти асосида)

13. Россиядаги Тюмен индустриаль университети (давлат гранти асосида)

14. Малайзиядаги Inti университети (шартнома асосида)

15. Польшадаги Vincent Pol университети (шартнома асосида)

16. Сиднейдаги Халқаро менежмент мактаби (давлат гранти асосида)

17. Дубайдаги RIT институти (шартнома асосида)

18. Беларусдаги Беларусь-Россия университети (давлат гранти асосида)

Миролим Исажонов суҳбатлашди.

Кўпроқ янгиликлар