Торрес? Дрогба? Йўқ, бу - Элдор Шомуродов!

Спорт 16:55 / 01.09.2019 57644

Ҳамюртимиз Элдор Шомуродов Россияни забт этишда давом этмоқда. Кеча «Локомотив»га қарши ўйинда ўзининг илк дублини нишонлаган ҳужумчи жамоасини турнир жадвалида пешқадамга айланишига ёрдам берди. Ўзи эса голлари сонини 7тага етказиб «Крилья Советов» ҳужумчиси Александр Соболевни қувиб ўтиб, тўпурарлар рўйхатида етакчи бўлиб олди. Россиялик журналистлар Элдордан ҳайратда, кимдир унга машҳур ҳужумчиларга яқин нарх белгиласа, кимдир яқин келажакда Англия ёки Германияда бемалол ўйнаб кета олишини тахмин қилмоқда.

«Локомотив»га қарши ўйиндан олдин ҳам яхшигина шов-шув кўтарган ҳужумчимиз ҳақида gol.ru сайтида эълон қилинган материални эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Элдор Шомуродов Россия чемпионатида янги мавсумнинг асосий кашфиётларидан бири бўлиб турибди. У етти ўйинда бешта гол урди («Локо»га қарши ўйиндан кейин 8 ўйинда 7та). Ўтган йили бутун мавсум давомида (26 ўйин) атиги 3та гол муаллифи бўлганди.

Бу ўсишни бошқа жамоалар ҳам пайқашди: ҳужумчи билан ЦСКА қизиқмоқда, «Галатасарой» скаутлари эса, атайлаб, Шомуродовни кўргани Россияга келишди, унга Германиядан таклиф борлиги ҳақида хабарлар тарқалган, ростовликлар Хитойдан келган таклифни эса рад этишган. Бундай клубларнинг эътибори - жуда яхши мақтов. Аммо ҳозирча Шомуродов ҳеч қаерга кетмоқчи эмас. Бор эътиборини «Ростов»га қаратиши ҳақида Шомуродов кўп марта таъкидлади, унинг агенти Қаҳҳор эса, яқинда ЦСКА томонидан бўлаётган қизиқишга муносабат билдирди:

«ЦСКА - Россиянинг энг яхши клубларидан бири, лекин биз мамлакат ичидаги таклифларга эътибор қаратмаяпмиз. Элдорнинг мақсади Европада ўзини синаб кўриш. У ердан ҳам таклифлар бор, лекин биз «Ростов»ни ҳурмат қиламиз ва бу вазиятда қарорни улар чиқариши кераклигини тушунамиз».

Қанотдан жокерликкача

Шомуродовнинг кетишига бош мураббий Валерий Карпин ҳам қарши, айнан унинг қўл остида футболчи муҳим фигурага айланмоқда. Карпин уни Миранчук ва Озмун билан биргаликда лиганинг энг иқтидорли ёш футболчилари эканини айтган ва «мен учун Шомуродов 50 миллион евро туради. У ҳар мавсумда 20дан ортиқ гол уриш учун барча имкониятга эга. Ҳозирча у буни уддалаяпти, меҳнат қилишда давом этиши керак», деб қўшимча қилган.

Табиийки, Карпиннинг ҳужумчига таъсири катта. Элдорнинг ўзи ҳам мураббийнинг унга ёрдами ҳақида кўп бор айтиб ўтганди.

«Мураббий сифатида Карпин - топ», - дейди у, - «тактик тарафдан ҳам, жисмоний тайёргарлик борасида ҳам. Унинг қўл остида мен қарши ҳужумларда ҳам, ҳимояга ёрдам беришда ҳам ўсдим. Назарий томондан у топ-клублар қандай ўйнашини бизга тушунтириб беради. Уларнинг ҳимоядан қандай чиқишлари, ҳужумлари бизга яхши кўргазма бўлади».

Карпингача Шомуродов бошқача футболчи эди. Биринчидан, у кўпинча захирадан, қанотда ўйнаш учун майдонга тушарди. Элдорнинг тезлиги, яхши дриблингга эга экани ёрдам берарди. Иккинчидан, Кучук даврида Шомуродов деярли ўйнамаган, узоқ вақт Россия чемпионатига кўника олмаганди. Россияга келишидан олдин у «Бунёдкор» ва Ўзбекистон чемпионати юлдузи эди, аммо у ерда осонроқ - янаям очиқроқ ўйнашади, ҳимоячилар ҳужумчиларни қаттиқ қўриқлашмайди. Дастлабки пайтларда Шомуродов буни тан олган:

«Бу ерда ҳимоячилар зичроқ ўйнашар экан, ҳужумчиларга тўпни қабул қилиб, қайрилишга имкон беришмайди. Осиёда бироз очиқроқ футбол кўрсатишади. Ҳечқиси йўқ, аста-секин кўникиб боряпман».

Ўтган мавсумда Шомуродов Сигурдарсонга ўринбосар бўлиб, асосан захирадан ўйинга қўшиларди. Карпин эса, унда марказий ҳужумчини кўрди ва кучли жиҳатларидан фойдаланишни бошлади. Карпин уни ўйин охирларида, бироз ҳолдан толиққан рақибга босим ўтказиш учун тушира бошлади. Айнан Шомуродовнинг ўйин охиридаги голлари туфайли, «Ростов» «Спартак» устидан ғалаба қозонган, «Краснодар»га қарши ўйинда дурангга эришганди. 

Ёзга келиб, Карпин Сигурдарсонни захирага ўтказди, Кьяртанссонни «Рубин»га ижарага берди. Шомуродов асосий ҳужумчига айланди - унинг клуб билан беш йиллик шартнома имзолаши эса, аҳамиятли футболчига айлана бошлаганидан дарак эди.

Шунингдек, Шомуродовнинг ўсишига фақат Карпин йўл очганини айтиш нотўғри. Январдаги Осиё чемпионатини ҳам унутмаслик керак. Ва албатта, Элдорнинг яқинлари эътироф этишларича, у индивидуал равишда жуда қаттиқ шуғулланишни бошлади.

Фирмино, Игуаин... Дрогба!

Терма жамоадаги ўйинлар ростдан ҳам ёрдам берди, шундан сўнг, Шомуродов «Ростов»нинг асосий таркибида кўрина бошлади. Машғулотларни кўриш қийин, аммо ўйинлардаги ҳаракатлардан пайқаш қийин эмаски, у ҳаракат қилмоқда.

Шомуродов тўпсиз жуда кўп ҳаракат қилади, тез-тез орқага қайтиб, ҳимояга ёрдам беради, шерикларини қўллайди. Бу томондан у, жиддий айтганда, тўпсиз ҳаракатлар бўйича дунёнинг энг яхшиси Роберто Фирминони эслатиб юборади. Албатта, Шомуродов прессинг уюштириш борасида савияни ошириши керак. Тўпсиз ҳаракатланишни бирор статистика билан асослантириш қийинроқ, лекин қизиқ факт: Шомуродов Марков ва Шейдаев билан биргаликда, тўпни олиб қўйиш борасида лигада етакчилар қаторида бормоқда.

Яна икки муҳим хислат: Шомуродов бирор ҳимоячини ўзи билан олиб кетиб, қанот футболчиларига зона очиб бериш ва худди плеймейкерлар каби, рақибнинг чизиқлари орасида тўпни қабул қилишда ҳам жуда фойдали ўйинчи. Ўтган мавсумда Шомуродов кўпроқ юқори қаватларда курашиб, шерикларига тўпни етказиб бериш ёки узун пасларга очилиш билан кўринган бўлса, энди унинг роли ўзгарган - Шомуродов асосан, тўп билан ишламоқда, дриблингларга мурожаат қиляпти, жарима майдонидан узоқда ҳам комбинацияларда иштирок этяпти. 

Шунингдек, у энди яхши очиляпти ва вазиятларни голга айлантира оляпти - статистикадаги ўзгариш бунга яхши исбот. Унинг «Урал»га қарши голини эслаш мумкин. Тўп жарима майдонига узатилганда, Элдор тўпнинг боришига мос равишда югуриш траекториясини ўзгартирди. Бу жарима майдонида фойдали ўйнайдиган ҳужумчиларнинг асосий қуролларидан бири, кўпинча, Икарди, Игуаин каби ҳужумчилар шундай ҳаракат қиладилар. Бундай вазиятларда ҳимоячилар фақат кузатиб қоладилар, чунки ҳужумчининг қаерга югуришини била олмайдилар. Ушбу мавсумдаги Элдор кўп бора мана шундай услубда ҳаракатланиши эвазига голлар урмоқда.   

Суратга қаранг, «Ростов» ҳужум қиляпти, Шомуродов эса, қанотда, ҳимоячи барчасини назорат қиляпман, деб ўйлаяпти.

Ва энди, Элдор бўш. Тўпни дарвозага тепиш учун тайёр.

У яна икки голини жарима майдонидаги дриблинглар ёрдамида урди. Шомуродов - собиқ вингер, ёшликдан ҳимоячиларни алдаб ўтишга ўрганган.

Унинг энг муҳим хусусияти эса, айнан Россиядаги ўзига хос футболчилардан бирига айлантиради. Шомуродов шерикларига вазиятлар яратиб беришда ҳам жуда самарали. Ушбу мавсумда унинг ҳисобида атиги битта голли пас бор холос, аммо «Ростов» урган 14 голнинг 11таси Шомуродовнинг бевосита иштироки билан амалга ошганини таъкидлаш керак. Бугунги кунда у зарба учун тўп оширишлар бўйича ҳам (бир ўйинда 2.76) РПЛда етакчи бўлиб турибди, шерикларига қулай вазият яратиш бўйича ҳам тенгсиз.

Элдор футбол оламидаги ўзининг кумирлари сифатида Торрес ва Дрогбани тилга олади. У Торресга балки тезлик бўйича ўхшашдир, аммо айнан Дрогба билан солиштирганда, умумийлик кўпроқдек: ҳар иккиси ҳам курашувчан, шериклар билан яхши ўйнайди ва тўпсиз жуда фойдали ҳаракатлана олади.

Кўпроқ янгиликлар