Трансферга яқин қолди. Неймар фақат «Барселона»га қайтишни истамоқда

Спорт 11:15 / 28.08.2019 13092

«Барселона» спорт директори Хавьер Бордас «ПСЖ»дан Неймарни қайтариш бўйича олиб борилаётган музокараларга тўхталиб ўтди.

«Ҳали келишувга эришилмади. Музокараларни давом эттиряпти. Учрашувда пул масаласини муҳокама қилдик. Ўйлашимча, Неймар трансферига яқинлашяпмиз», – дея Бордаснинг сўзларини келтирди AS.

ОАВ маълумотига кўра, 27 август куни «ПСЖ» штаб-квартирасида иккала клуб вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтган. Унда «Барселона» раҳбариятидан техник котиб Эрик Абидаль, ижрочи директор Оскар Грау ва спорт директори Хавьер Бордас, «ПСЖ»дан эса спорт директори Леонардо иштирок этган.

Le Parisien нашрининг ёзишича, каталонияликлар клуби парижликларга Неймар учун 170 миллион евро таклиф қилган. Бу пул бир неча траншга бўлиб тўланиши режалаштирилган.

Яна бир вариантга кўра, 100 млн еврога қўшиб, вингер Усмон Дембеле ва ҳимоячи Нелсон Семеду таклиф қилинган. «ПСЖ» ҳозирча таклифларга аниқ жавоб бермаган.

Кўк-анорранглилар 2 сентябргача келишувга эришилишига умид қилишмоқда.

Бундан аввалроқ Неймар «ПСЖ» раҳбариятига «Барселона»га қайтиш истагини маълум қилгани ҳақида хабар тарқалганди. Шу туфайли, «Ювентус» ва «Реал»да уни қўлга киритиш имкониятлари кескин пасайган.

ОАВ маълумотига кўра, Париж клуби Неймар кетган тақдирда унинг ўрнига Лондоннинг «Кристал Пэлас» клубидан Уилфрид Заани олиб келишни режалаштирган.

2017 йилда 222 миллион евро эвазига «Барселона»дан Парижга келган Неймар пойтахт клуби учун шу вақтгача жами 58 ўйинда иштирок этиб, 51 гол урди ва 29 голга узатма берди.

2018/19 йилги мавсумда Неймар жароҳатлар туфайли жамоасининг барча ўйинларида иштирок эта олмади, у барча турнирлар доирасида жами 28 ўйинда майдонга тушган ва 23 гол уриб, 13 голга ҳаммуаллифлик қилди. Transfermarkt.de портали маълумотига кўра, Неймарнинг трансфери 180 миллион еврога баҳоланган. Неймар 2013 йилдан 2017 йилга қадар «Барселона»да тўп сурган.

Кўпроқ янгиликлар