«Навбаҳор» бош мураббий Журжевич истеъфосини эълон қилди

Спорт 21:11 / 28.08.2019 6707

«Навбаҳор» клуби бироз кеч бўлса-да бош мураббий Деян Журжевич истеъфосини эълон қилди.

«Бундан 2 ой олдин «Навбаҳор»да бош мураббий ўзгариб, россиялик мутахассис Андрей Канчельскис ўрнига сербиялик Деян Журжевич тайинланган эди.

Афсуски, Журжевичнинг қўл остида «лочинлар»нинг натижалари салбий кўриниш олди. Жумладан, Суперлига баҳсларида «Навбаҳор» ўз майдонида «Қизилқум»  (0:1), ОКМК (0:1), сафарда эса «Металлург»га (0:1) имкониятни бой бериб, сафарда «Бухоро» (0:0) билан дуранг ҳисобини қайд этиб, фақат «Андижон» (1:0) устидан ғалаба қозонди. Натижада «Навбаҳор» турнир жадвалида 3-ўриндан 6-ўринга тушиб кетди.  

Шунингдек, «Навбаҳор» Ўзбекистон кубогининг чоракфиналидан ўрин олган баҳсда ўз майдонида «Насаф»га 0:1 ҳисобида ютқазиб, мусобақадан чиқиб кетди. Албатта, бу натижалар клуб раҳбариятини қониқтирмади. Шу боис, бугун Деян Журжевич билан тузилган шартнома бекор қилиниб, у истеъфога чиқарилди», - дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Навбаҳор» Журжевич истеъфосини эълон қилмасдан бурун Андрей Канчельскисни бош мураббий сифатида таништирган эди.

Кўпроқ янгиликлар