Токио Олимпиадасига яна битта йўлланма қўлга киритилди

Спорт 15:00 / 25.08.2019 5571

Венгриянинг Цегед шаҳрида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионати ўз якунига етиб бормоқда.

Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар беришича, ўзбекистонлик каноэчи қизлар Нилуфар Зокирова ҳамда Дилноза Раҳматова 500 метрга жуфтлик йўналишида кечган баҳсда Токио Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритишди.

Финал беллашувида Ўзбекистон вакилларии бешинчи бўлиб марра чизиғини кесиб ўтишди. Регламентга кўра, дастлабки саккиз ўринда маррага келган қайиқ эгалари келаси йили Токио Олимпиадасида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлишар эди.

Каноэда эшкак эшиш, ЖЧ. Венгрия
Жуфтлик, 500 метр:
1. Сун / Цу (Хитой) – 2:02.81
2. Такаш / Балла (Венгрия) – 2:04.49
3. Климова / Макарчанка (Беларусь) – 2:07.74
4. Ян / Преллер (Германия) – 2:08.18
5. Раҳматова / Зокирова (Ўзбекистон) – 2:08.47

Шу тариқа терма, Ўзбекистон терма жамоасининг Токио-2020 Олимпиадасига қўлга киритган лицензиялари сони 4тага етди. Бундан аввал теннисчи Денис Истомин ҳамда велоспортчи Ольга Забелинская йўлланма эгаларига айланишган эди.

«Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси спортчи қизларимиз, уларнинг яқинлари ва миллионлаб ҳамюртларимизни бундай муваффақият билан муборакбод этиб қолади», дейилади МОҚ хабарида.

Маълумот учун, Нилуфар Зокирова ва Дилноза Раҳматова бугунги беллашувлар давомида 200 метрга жуфтлик йўналишида ҳам финалда стартга чиқишади.

Кўпроқ янгиликлар