Твитпревью. А Серия старти олдидан

Спорт 15:44 / 24.08.2019 3866

Бугундан Италияда навбатдаги чемпионатга старт берилади. Мавсум оралиғида бир қатор эътиборли трансферлар қайд этилдики, бу турнирнинг янада қизиқарли бўлишини таъминлаши турган гап. Интернет тармоқларида ушбу мусобақа учун энг қисқа превьюга кўзимиз тушиб қолди. Ҳар бир жамоа учун жуда қисқа, битта твитга жо бўладиган фикрлар берилган. Марҳамат.

«ЮВЕНТУС». Сарри келди, уч нафар топ эркин агентлар таркибга қўшилди, Де Лигт сотиб олинди ва ҳар доимгидек яна бир марта А Серия ва Чемпионлар Лигасини ютишга ҳаракат қилишади. Чемпионат масаласида одатдагидек, ҳаммаси тушунарли.

«НАПОЛИ». Маноласни сотиб олиб, А Сериядаги энг кучли ҳимоя чизиқларидан бирига эга бўлишди.

«АТАЛАНТА». Тарихда илк маротаба Чемпионлар Лигасида ўйнаш учун тайёргарлик кўришяпти.

«ИНТЕР». Таркиб Антонио Контенинг талабларига кўра, бутунлай янгиланди. Аммо асосий вазифа ҳали бажарилмади – Мауро Икарди ҳали ҳам жамоада. 

«МИЛАН». Янги мураббий Марко Жампаолонинг ғоялари ва режалари ҳозирча раҳбариятга ёқяпти.

«РОМА». Икки афсона тарк этди: Де Росси «Бока»га йўл олган бўлса, Тоттини энди меҳнат биржасида учратиб қолишимиз мумкин.

«ТОРИНО»: Анчадан буён Чемпионлар Лигаси йўлланмасини орзу қилишади. Агар ёзда ҳеч қайси етакчи футболчи тарк этмаганини эътиборга олсак, имконият ошган бўлиши мумкин.

«ЛАЦИО». Топ-клублар бу сафар ҳам Миликович-Савичга эътибор қаратмадилар.

«САМПДОРИЯ». Ажойиб мураббий тарк этди, аммо Ди Франческо ҳам ёмон эмас, унга ҳам ишонса бўлади. Асосий плеймейкер Прат ҳам «Лестер»га кетиб қолди, аммо яна хавотирга ўрин йўқ – Фабио Квальярелла ҳам шу ерда.

«БОЛОНЬЯ». Синиша Михайлович лейкемияга қарши даволанмоқда, лекин жамоани ташлаб кетгани йўқ.

«САССУОЛО». Сўнгги паллада «Зенит»дан Маммануни ижарага олишаётганди, лекин Семак жараённи тўхтатиб қўйди.

«УДИНЕЗЕ». «Интер», «Милан», «Фиорентина» каби жамоалар қизиқиш билдирган бўлса-да, Де Паулни таркибда сақлаб қолганликлари таҳсинга сазовор.

«СПАЛ». А Сериядаги энг кичик бюджетга эга клублардан бири, аммо икки йилдан бери ўз ўрнини сақлаб келмоқда. Бу ерда 2014 йилдан бери жамоа билан бирга бўлган мураббий Семличининг ҳизматлари катта.

«ПАРМА». Энг ёмон ҳимоя чизиқларидан бири. Ўтган йили лигада қолганлар орасида энг кўп – 61 марта гол ўтказиб юборган. Бу йил ҳам ҳеч нарса ўзгармаса керак.

«КАЛЬЯРИ». Нандес, Рог ва Наингголаннинг таркибга қўшилиши, ажойиб воқеа. Тўғри бу трансферлар учун жамоа етакчиси Барелла билан хайрлашишга тўғри келди.

«ФИОРЕНТИНА». Пенсионерларни жалб қилувчи масканга айланди. Боатенг ва Риберининг келишини шундай изоҳлаш мумкин.

«ЖЕНОА». Ҳар доимгидек. Шоне, Сапонара, Фавилли, Стураро ва Раду каби яхши ижрочиларга эга бўлишди, лекин ҳар доимгидек, жадвалнинг иккинчи ярмида якунлашса керак.

«БРЕШИА». Лиганинг энг қизиқарли ва қувноқ жамоаларидан бири бўлади. Марио Балотелли ўша ерда.

«ЛЕЧЧЕ». Қачонлардир, Жанлука Лападулани кучли ҳужумчи бўлиб етишишини башорат қилишганди. Ўша мақомни қайтариш учун энди у «Лечче»да ҳаракат қилади. Жамоанинг ёздаги энг асосий трансфери.

«ВЕРОНА». А ва В Сериялари ўртасида саёҳатни давом эттирмоқда. Турнирнинг яққол аутсайдерларидан бири. 

Кўпроқ янгиликлар