«MEDIA.UZ» футбол ҳафталиги қуръаси: Kun.uz ва Daryo.uz бир гуруҳда

Спорт 20:10 / 22.08.2019 10362

23-29 август кунлари ўтказиладиган «MEDIA.UZ» футбол ҳафталигида онлайн нашрлардан икки ОАВ – Kun.uz ва Daryo.uz сайтлари иштирок этади. Бугун бўлиб ўтган қуръа натижасида бу интернет-нашрлар бир гуруҳда кураш олиб борадиган бўлди.

«D» гуруҳидан, шунингдек, МТРК ва Ёшлар иттифоқи медиа маркази жамоалари ҳам жой олишди.

Ўзбекистон мустақиллигининг 28 йиллигига бағишлаб, АОКА ва ЎФА томонидан ташкил этилаётган футбол ҳафталигида жами 24та жамоа қатнашади.

Қуръа

Бугун, 22 август куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида турнирга қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.

Унда агентлик ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарлари, ОАВ ва нашриёт-матбаа корхоналари ходимлари, журналист ва блогерлар қатнашди.

Қуръа орқали жамоаларни гуруҳларга бўлишда бевосита АОКА ва ЎФА раҳбарияти вакиллари иштирок этди.

Қайд этиш керак, мусобақада ташкилотчилар – ЎФА ва АОКА жамоалари ҳам қатнашади. ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов турнирда ўзи ҳам иштирок этишини, ўйинларни профессионал ҳакамлар бошқариб боришини таъкидлади.

Формат ва тақвим

Гуруҳларда биринчи ва иккинчи ўрин эгалари, шунингдек, олтита гуруҳда энг яхши кўрсаткичга эга тўртта иккинчи ўрин соҳиби нимчорак финалга чиқади.

Ўйинлар Яккасарой тумани жисмоний тарбия ва спорт бошқармасига қарашли собиқ «Текстилчилар» стадионида – табиий чимли майдонда ўтказилади.

Гуруҳ босқичи ўйинлари 23-24 августда бўлиб ўтади, нимчорак финал 25 августга белгиланган. 27-28-саналарда чорак ва ярим финаллар, 29 августда учинчи ўрин учун баҳс ва финал ўйини бўлиб ўтади.

Соврин жамғармаси

Турнир ғолиби 36 млн сўм пул мукофоти билан тақдирланади. Иккинчи ва учинчи ўрин эгалари мос равишда 24 млн ва 12 млн сўм пул мукофотини қўлга киритади.

Турнир якунига кўра «Энг яхши дарвозабон», «Энг яхши ҳужумчи» ва «Мусобақанинг энг яхши ўйинчиси» номинацияларида ҳам ғолиблар эсдалик совғалари билан тақдирланади.

Ғолиблар тақдирлаш харажатларини ташкилий қўмита ва ЎФА ўз зиммасига олган.

Ўйин қоидалари

Учрашувлар мини-футбол қоидалари асосида, 20м х 40м ўлчамдаги футбол майдонида (стандарт майдоннинг тўртдан бири) бўлиб ўтади. Жамоаларда 6 нафардан футболчи ҳаракат қилади.

Гуруҳ босқичи ўйинларида ҳар бири 15 дақиқадан иборат иккита тайм, плей-офф баҳслари 20 дақиқадан иккита тайм давом этади. Плей-оффда фақат биттадан ўйин – жавоб учрашувлари бўлмайди.

Жамоалар таркибига фақатгина ушбу ташкилотга ишга қабул қилинганига 3 ойдан кўпроқ вақт ўтган ходимлар жалб этилиши мумкин.

Шунингдек, сўнгги уч йилда Суперлига, Про-лига ва иккинчи лигада заявкадан ўтган, мини-футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг олий ва биринчи дивизионларида ўйнаган футболчилар турнирга қўйилмайди.

Кўпроқ янгиликлар