Геология-қидирув ишларида хавфсизлик қоидалари тасдиқланади

Ўзбекистон 10:48 / 21.08.2019 1484

Вазирлар Маҳкамасининг “Геология қидирув ишларини олиб боришда саноат хавфсизлиги соҳасини янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Геология-қидирув ишларида хавфсизлик қоидаларига кўра, ушбу Қоидалар мулкчилик шаклидан қатъий назар, фойдали қазилма конларини излаш-қидириш ишлари ва техник ҳамда технологик эҳтиёжлар учун шунга ўхшаш ишларни олиб борувчи ва шундай мақсадлар учун илмий-текшириш, муҳандислик-тадқиқот, лойиҳалаш ва конструкторлик ишларини олиб борувчи корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар учун, шунингдек геология қидирув ишларида қўлланувчи барча турдаги геология-қидирув асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчи корхоналар учун мажбурийдир.

Қоидаларда хавфсизлик чоралари кўзда тутилмаган геология-қидирув ишларини ва улар билан биргаликда олиб бориладиган ишларни бажаришда геология ташкилотлари ана шундай турдаги ишларда меҳнат муҳофазаси бўйича амалдаги меъёрий ҳужжатлар (Қоидалар, стандартлар, йўриқномалар, меъёрлар ёки уларнинг бўлимлари)га риоя қилишлари керак.

Корхоналар меҳнат муҳофазаси хизматларини ташкил қилади, меҳнат муҳофазаси учун керакли маблағлар ажратади, меҳнат муҳофазасини бошқаришнинг ташкилий шаклларини ишлаб чиқади ва меҳнат муҳофазасига оид масалаларни ҳисобга олган ҳолда барча ходимларнинг лавозим мажбуриятларини белгилайди.
 
Янги иш турлари ва технологияларни жорий қилишда қўлланиладиган асбоб-усукуналар ва технологик жараёнларнинг эксплатацион ва таъмирлаш-техник ҳужжатларида баён қилинган хавфсизлик талабларига ҳамда ушбу Қоидаларга асосланган ҳолда корхоналар, ишларни бажаришнинг муайян шароитларини ҳисобга олган ҳолда, ишчи касблари учун,меҳнат муҳофазаси бўйича белгиланган тартибда йўриқномаларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва қайта кўриб чиқади.

Бошқа корхоналар фаолият кўрсатаётган ҳудудларда амалга   оширилувчи барча турдаги геология-қидирув ишлари ва геологик тадқиқотлар ўша корхоналар билан келишилган ҳолда ўтказилиши лозим.
 
Барча геология-қидирув ишлари тасдиқланган ҳамда Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг геология-қидирув ишлари олиб боришда саноат хавфсизлиги инспекцияси билан келишилган лойиҳалар асосида олиб борилиши керак.

Янгидан ташкил қилинаётган корхоналар ўз фаолиятларини, фақат белгиланган тартибда бериладиган хавфсизлик сертификатлари мавжуд бўлгандагина, амалга оширишлари мумкин.

Корхоналар ҳар йили, ишлар бошланишидан камида бир ой олдин Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг геология-қидирув ишлари олиб боришда саноат хавфсизлиги инспекциясига ўз назорати остидаги геология-қидирув объектлари рўйхатини тақдим қилади.

Янги, шунингдек капитал таъмирланган, реконсервация ёки реконструкциядан сўнг объектларни ишга тушириш, корхона раҳбари тайинлайдиган комиссия томонидан қабул қилиниб тегишли далолатнома тузилганидан сўнг, амалга оширилади.

Барча геология-қидирув қудуқларни бурғиловчи бурғилаш қурилмаларини, қидирув шахталарининг ер юзасидаги мажмуаларини, шурфларни ва штольняларни қабул қилишда комиссия таркибида Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг геология-қидирув ишлари олиб боришда саноат хавфсизлиги инспекцияси вакилларининг қатнашиши шарт.

Объектни қабул қилиш ҳақида инспекцияга камида 5 кун олдин хабардор қилинади. Ушбу инспекция вакили келмаганда, комиссия объектни фойдаланишга топширишга рухсат бериш ҳуқуқига эга.

Транспорт воситаларига, тиркамаларга, чаналарга ўрнатилган, ўзиюрар ва кўчма геология-қидирув (бурғилаш, геофизик, кон-қазиш, гидрогеологик ва б.) қурилмаларини ишлатиш учун қабул қилиб олиш, агар мазкур қурилмаларни бир иш жойидан иккинчи жойга кўчиришда асбоб-ускуналарни қайта монтаж қилиш талаб қилинмаса (босим остида ишловчи  линияларни ўзгартириш, юк кўтариш қурилмаларини алмаштириш, ишчи ўтиш жойларини ўзгартириш ва ҳ.к.), ҳар бир капитал таъмирлаш ва реконсервациядан кейин, дала ишларини бошлашдан олдин, лекин йилига камида бир марта геология корхонаси комиссиясининг далолатномаси билан расмийлаштирилган ҳолда амалга оширилади.

Ишлаб чиқариш иншоотлари (турғун компрессор станциялари, автогаражлар, механика цехлари ва ҳ.к.) амалдаги қурилиш меъёрлари ва қоидалари билан белгиланадиган тартибда ишга туширилиши лозим.

Иш жойларини меҳнат муҳофазасига оид меъёрий талабларга мувофиқлиги бўйича аттестация қилиш 5 йилда бир марта ва меҳнат шароитлари ўзгарган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган “Меҳнат шароитларини баҳолаш ва меҳнат шароитлари бўйича иш жойларини аттестация қилиш услубиёти”га мувофиқ ўтказилиши керак.
 
Аҳоли пунктларидан ташқарида, телефон алоқаси пунктларидан ёки алоқа мавжуд бўлган объектлардан 5 км ва ундан ортиқ масофада жойлашган геология-қидирув ишларининг барча объектлари (якка бурғилаш қурилмалари, бурғилаш, тоғ-кон қидирув ва геофизика ишлари участкалари, геологик тасвирлаш ва излаш партиялари, отрядлари ва ҳ.к.) партия ёки экспедиция базаси билан кечаю-кундуз ишловчи телефон ёки радио алоқаси билан таъминланган бўлишлари керак.

Ишлар ўтказилаётган объектда доимий равишда технологик ёки навбатчи автотранспорт мавжуд ҳолларда, юқорида кўрсатилган масофа 30 км гача узайтирилиши мумкин.

Ҳар бир иш объектида ишчилар учун иш турлари ва шароитлари бўйича меҳнат муҳофазаси, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, ёнғин хавфсизлиги бўйича йўриқномалар ҳамда огоҳлантирувчи ва хавфсизлик белгилари бўлиши керак. Зарур йўриқномалар ва белгилар рўйхати корхона раҳбарияти томонидан тасдиқланади.

Меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномалар ишчи-ходимларга қўл қўйдирган ҳолда берилиши ёки иш жойлари ва участкаларда осиб қўйилиши, ёки барча ишловчилар танишиб чиқишлари мумкин бўлган алоҳида жойларда сақланиши керак. Участка раҳбарида (уста, механик, прораб ва ҳ.к.) барча ишчилар танишиб чиқиб имзо чеккан амалдаги йўриқномалар тўплами бўлиши керак.

Ишчилар ва мутахассислар тасдиқланган меъёрларга мувофиқ махсус кийим-бош, пойабзал ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган бўлишлари ва улардан иш шароитларига мувофиқ равишда фойдаланишлари керак.

Шахсий ҳимоя воситаларини бериш, сақлаш ва фойдаланиш “Ишчи ва хизматчиларни махсус кийим-бош, пойабзал ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома”га мувофиқ амалга оширилиши лозим.

Геология корхоналарининг раҳбар ходимлари ва мутахассислари ишлаб чиқариш объектларида ҳар сафар бўлганларида, объектларнинг раҳбарлари ва иш бажарувчилари томонидан меҳнат муҳофазаси бўйича лавозим йўриқномаси, меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномаси талабларининг бажарилишини, меҳнат муҳофазаси аҳволини текширишлари ва бунда аниқланган камчиликларни бартараф қилиш бўйича бевосита ўзлари иштирок этган ҳолда чоралар кўришлари шарт.

Текширувчи иштирокида бартараф қилиниши мумкин бўлмаган камчиликлар, текширувчи томонидан ҳар бир объектда бўлиши шарт бўлган “Меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолатини текшириш журнали”га ёзиб қўйилади.

Одамларга, иншоотлар ва мол-мулкка зарар келтирувчи хавфни сезган ҳар бир ишловчи уни бартараф қилиш учун ўзига боғлиқ бўлган барча чораларни кўриши ва бу ҳақда дарҳол ўзининг бевосита раҳбарига ёки техник назорат ходимига хабар беришга мажбурдир.

Иш раҳбари ёки техник назорат ходими хавфни бартараф қилиш бўйича чоралар кўриши шарт. Хавфни бартараф қилиш мумкин бўлмаган ҳолларда ишни тўхтатиши, ишловчиларни хавфсиз жойга олиб чиқиши ва бу ҳақда лавозими ўзидан юқори шахсга хабар қилиши лозим.

Маъмурият томонидан ходимнинг соғлиғига ёки ҳаётига таҳдид солувчи хавфни бартараф қилиш бўйича зарур чоралар кўрилмаган ҳолларда ходим, хавф бартараф қилингунча ишни тўхтатиш ҳуқуқига эга.

Топшириқ икки ва ундан ортиқ бўлган ходимлар гуруҳи томонидан бажарилганда, улардан бири ишни хавфсиз бажариш бўйича масъул қилиб тайинланиши ҳамда унинг фармойишлари гуруҳнинг барча аъзолари учун мажбурий ҳисобланиши керак.

Навбат алмашиб бажариладиган (сменали) ишлар хавфсизлиги учун масъул бўлган шахслар сменани қабул қилиб олиш ва топширишда иш жойлари ва асбоб-ускуналарнинг ҳолатини текшириши ва бу ҳақда сменани қабул қилиш ва топшириш журналига ёзиб қўйиши шарт. Сменани қабул қилувчи, ишлар бошлангунга қадар мавжуд носозлик ва камчиликларни бартараф қилиш бўйича чоралар кўриши лозим.

Ўқотар қуроллардан фойдаланиш ва уларни сақлаш “Ўқотар қуроллар ва уларга тегишли ўқ-дориларни сотиб олиш, ташиш, сақлаш, ҳисобга олиш ва улардан фойдаланиш, тиғли совуқ қуролларни тайёрлаш, ўқ отиш тирлари, махсус ўқ отиш жойлари ва стендлар ҳамда қурол-яроғ таъмирлайдиган устахоналарни очиш, ўқотиш-овчилик стендлари, қуроллар ва ўқ-дорилар ҳамда ов пичоқлари билан савдо қилиш тартиблари тўғрисида йўриқнома”га мувофиқ амалга оширилади.

Огоҳлантирувчи ва ёритувчи ракеталарни отувчи махсус тўппончалардан фойдаланиш, уларни сақлаш ва ҳисобдан чиқариш тартиблари Ички ишлар вазирлигининг маҳаллий идоралари билан келишилган ҳолда корхона раҳбари томонидан белгиланади.

Барча ишлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳақидаги қонунларга риоя қилинган ҳолда бажарилиши керак. Геология-қидирув ишларини амалга ошириш жараёнида атроф-муҳитга таъсир этувчи салбий оқибатлар мазкур ишларни бажарувчи корхоналар томонидан тугатилиши керак.

Ҳар бир иш объектида ишларни бажаришда қўлланиладиган барча кимёвий реагентлар учун, улардан фойдаланиш бўйича йўриқномалар бўлиши, бу йўриқномаларда одамлар ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш чоралари кўрсатилган бўлиши лозим.

Агар иш участкасида ўзиюрар геология-қидирув қурилмаларидан ва бошқа транспорт воситаларидан фойдаланилаётган бўлса, иш жараёнида ва танаффусларда транспорт воситалари остида бўлиш, ўт-ўланлар ва буталар орасида ҳамда бошқа кўринмас жойларда туриш ёки дам олиш ман этилади.

Алкогол, гиёҳвандлик ёки токсик моддалар таъсирида маст бўлган ҳамда касал ҳолатдаги шахсларни ишга қўйиш ман этилади.

Корхоналар ходимлари Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган тартибда ва шартларда бахтсиз ҳодисалар ва касбий касалликлардан мажбурий равишда суғурта қилиниши лозим.

Ишловчиларда касбий касаллик аломатлари аниқланган ҳолларда, улар тиббий комиссия хулосасига мувофиқ бошқа ишга ўтказилиши зарур.

Бахтсиз ҳодисалар “Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низом”га мувофиқ текширилиши ва ҳисобга олиниши керак.

Корхоналарда шикастланган ва касалликка чалинган ходимларни дала ишлари участкаларидан энг яқин тиббий муассасаларига олиб бориш тартиби белгиланган бўлиши керак.

Кўпроқ янгиликлар