Ўзбекистон яна икки россиялик спортчини маҳаллийлаштирди

Спорт 17:42 / 20.08.2019 16912

Россиялик бешкурашчилар Александр Савкин ва Алисэ Фахрутдинова халқаро мусобақаларда Ўзбекистон номидан қатнаша бошлайди.

Халқаро замонавий бешкураш иттифоқи (UIPM) Ижроия қўмитаси ўз байроғи остидаги мусобақаларда бу икки спортчининг Ўзбекистон вакили сифатида иштирок этишига рухсат берди.

Александр Савкин

Бу ҳақда Kun.uz`га маълум қилган Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси вакилига кўра, россиялик атлетларнинг маҳаллийлаштирилиши – Ўзбекистон ва Россия замонавий бешкураш федерациялари ўртасида шу йил 16 февралда имзоланган ҳамкорлик меморандуми самарасидир.

Савкин ва Фахрутдинова айни пайтда ўқув-машғулот йиғинини ўтказиш учун Новогорскка жўнаб кетишган. Улар 2-8 сентябрь кунлари Будапештда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўришади.

Алисэ Фахрутдинова

Маълумот учун, бешкураш олимпия таснифидаги бешта спорт тури – сузиш, қиличбозлик, конкур, югуриш ва ўқ узишдан иборат. Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси 2017 йилда ташкил этилган.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги вақтларда бир нечта спорт турлари бўйича қатор хорижлик атлетлар Ўзбекистон терма жамоаларига жалб қилинди. Сўнгги бир йилда Россиядан маҳаллийлаштирилган велопойгачи Ольга Забелинская, қиличбозлар Яна Обвинцева ва Яна Алборова, шунингдек, мексикалик қиличбоз Паола Плиего шулар жумласидан.

Кўпроқ янгиликлар