Марокашда Африка ўйинлари тантанали равишда очилди

Спорт 08:24 / 20.08.2019 3688

19 август оқшомда Марокаш пойтахти Работдаги шаҳзода Мулай Абдуллоҳ номидаги спорт мажмуасида Африка ўйинлари тантанали равишда очилди. Мусобақалар “қора қитъа” тарихидаги 12-сонлиси бўлади.

Трибуналарда йиғилган минглаб томошабинлар замонавий рақамли технологиялар қўлланган, таниқли қўшиқчилар ва рақс жамоалари иштирокидаги ёрқин шоу гувоҳи бўлдилар. 

Маросим вақтида Африка иттифоқи, Олимпиада ва Марокаш мадҳиялари янграган. 31 августгача давом этадиган Африка ўйинлари очилишини шаҳзода Мулай Рашид эълон қилди.   

Подшоҳ Муҳаммад VI раҳнамолигида ўтадиган мусобақаларда 50 дан кўпроқ давлатдан 6400 га яқин спортчи иштирок этади. Улар 29 та спорт тури, жумладан, енгил атлетика, баскетбол, кураш, велоспорт, волейбол, гандбол, гимнастика, дзюдо, карате, от спорти, сузиш, теннис, қиличбозлик, футбол, шахмат ва бошқалар бўйича медаллар учун курашадилар. 17 та спорт турида Токиода ўтадиган Олимпиадага лицензиялар учун кураш боради.

Мусобақалар 6 та шаҳар – Работ, Касабланка, Сале, Банслиман, Тамара ва Ал-Жадидда бўлиб ўтади. 

Илк бор Африка ўйинлари 1965 йилда Браззавилда (Конго) бўлиб ўтган. Марокашда ушбу ўйинлар илк бор ўтказилмоқда.

Кўпроқ янгиликлар