Абдулазиз Комилов Хитойга ташриф амалга оширмоқда 

Ўзбекистон 00:30 / 20.08.2019 3677

19 августда Пекинда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Хитой раиси ўринбосари Ван Цишан билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Синьхуа” ахборот агентлиги хабар берди. 

Ҳозирда Комилов 2 кунлик ташриф билан Хитойда қолмоқда. 

Музокаралар давомида Хитой вакили 27 йил давомида икки давлат ўртасидаги алоқалар мустаҳкам қолаётгани, улар доирасида иқтисодий, ижтимоий соҳаларда ҳамкорлик мунтазам чуқурлашиб бораётганини, бунда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой раиси Си Цзиньпин ўртасидаги мустаҳкам муносабатлар ва доимий алоқалар муҳим роль ўйнашини таъкидлаб ўтган.

Ван Цишаннинг учрашувда таъкидлашича, ҳозирда Хитой ислоҳотлар ва очиқлик сиёсатини давом эттирган ҳолда кучли ва фаровон давлат яратишга интилмоқда. Пекин бу йўлда давлат бошқаруви, бошқа соҳаларда икки томонлама тажриба алмашиш масалаларида Тошкент билан ҳамкорлик қилишга катта аҳамият қаратмоқда ҳамда ШҲТ ва бошқа форматлар доирасида кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамламоқда.

Ўз навбатида Комилов икки давлат ўртасида ҳар томонлама, жумладан, минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш масалаларида шаклланган дўстона, ўзаро ишончли ва ҳамкорлик муносабатларини қайд қилиб ўтган. 

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг таъкидлашича, Ўзбекистон икки давлат иқтисодиётларини туташтиришда ва “Бир макон, бир йўл” ташаббусини илгари суришда ҳамда Хитой билан стратегик шерикликни кенгайтиришда амалий ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр.

Комиловнинг Хитойга ташрифи доирасида унинг Хитой ташқи ишлар вазири Ван И билан учрашуви ва Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонасининг янги биноси очилиши маросимида иштирок этиши режалаштирилган.

Кўпроқ янгиликлар