Тошкентда автобус ҳайдовчилари кунлик тўлов бўйича белгиланган режани топширишдан озод қилиниши кутиляпти

Ўзбекистон 08:50 / 15.08.2019 18802

“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ҳайдовчиларни кунлик тўлов бўйича белгиланган режани топширишдан озод қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда акциядорлик жамият матбуот хизмати раҳбари Равшан Ёқубжонов айтиб ўтди.

“2030 йилгача транспортни ривожлантириш концепцияси кўплаб масалаларни қамраб олган. Жумладан, йўл ҳақи учун электрон тўлов тизимини жорий қилиш мўлжалланган, бу билан ҳайдовчилар кунлик тўлов бўйича белгиланган режани топширишдан озод қилинадилар. 

Агар ушбу тизим ишга туширилса, ҳайдовчилар эътиборларини асосан хавфсизлик ва ҳаракатнинг мунтазамлигига қаратишади. Бу ҳаракатланиш мунтазамлигини таъминлаш, турли йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Ана шундай натижага эришсак, албатта намунали ҳайдовчиларни рағбатлантириб борамиз”, - деди Равшан Ёқубжонов Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматига.

Унинг айтишича, “Тошшаҳартрансхизмат” фаолиятининг асосий мақсади йўловчиларни белгиланган манзилларга тез, қулай, хавфсиз ва мақбул нархларда етказиб қўйишдир. 

“Биз ўз ишимизда тижорат мақсадини назарда тутмаганмиз. Йўл ҳақи масаласига тўхталадиган бўлсак, бу нарх охирги марта 2016 йилнинг апрел ойида ўзгарган ва 1200 сўм деб белгиланган. Ушбу уч йил ичида кузатилган инфляция, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва эҳтиёт қисмларининг нархи ошганлигига қарамай йўл ҳақи деярли ўзгармади. 

Шуни ҳам қайд этиб ўтишим керакки, бу борадаги нархларни белгилайдиган ташкилотлар мавжуд. Молия вазирлиги, транспорт вазирлиги ва бир қатор ташкилотлар бу масалада ҳамкорликда ишлашади. Бу нафақат бизга, балки хусусий автомобилларга ҳам тегишлидир. Агар нархлар улар томонидан белгиланган бўлса, биз буни кўтаришга ёки туширишга ҳақимиз йўқ”, - дейди у.

Кўпроқ янгиликлар