«ПСЖ» Неймарни «Реал»га таклиф қилиб, эвазига футболчи сўради ва дарҳол рад жавобини олди

Спорт 09:31 / 15.08.2019 23029

Неймар юзасидан «ПСЖ» ва «Барселона» ўртасидаги музокаралар боши берк кўчага кириб қолган бир пайтда иккинчи харидор – «Реал» Париж клубининг таклифини рад этди.

AS`нинг хабар беришича, «ПСЖ» мутасаддилари «қироллик клуби»дан Неймарнинг эвазига Винисиус Жуниорни беришни сўраган, лекин Мадрид томони бу таклифга кўнмаган.

Таъкидланишича, Франция чемпионининг янги спорт директори бразилиялик Леонардо 19 ёшли ҳамюртининг мухлиси саналади. Винисиус ўйинлари ва маҳоратидан ташқари, Неймарга мутлақо ўхшамаган характери – интизоми ва профессионаллиги билан ҳам Леонардонинг эътиборига тушган.

AS`нинг «ПСЖ»га яқин манбалари берган маълумотга кўра, клуб Неймарни «Реал»га таклиф қилиб, эвазига Винисиусни беришларини сўраган, лекин бунга дарҳол рад жавобини олишган.

Қайд этилишича, «қаймоқранглилар»нинг Винисиус борасидаги позицияси қатъий – президент Флорентино Перес ёш ҳужумчини бошқа клубга бериш масаласини мутлақо кун тартибига қўймоқчи эмас.

Манбанинг қўшимча қилишича, «Реал» томони Гарет Бэйл ва Хамес Родригес билан хайрлашишга тайёрлиги боис бу икки футболчини Неймар трансферига жалб этишга қарши эмас.

Аммо парижликлар бу икки футболчидан кўра «Барселона»дан Нелсон Семеду, Иван Ракитич ва Усмон Дембелени олишни афзал, деб ҳисобламоқда.

Эслатиб ўтамиз, Винисиус ҳам Неймар каби «Фламенго» академиясидан чиққан. У 27 ёшли ҳамюртини ўзининг кумирларидан бири деб билади. Бир кун келиб, у билан жамоадош бўлиш истагида эканини ҳам айтган.

Кўпроқ янгиликлар