Ўзбекистон ва Хитой Афғонистон масаласида учрашув ўтказди

Ўзбекистон 14:32 / 14.08.2019 5106

2019 йилнинг 14 август куни Ўзбекистон Республикаси президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев Хитой Халқ Республикаси фавқулодда ва мухтор элчиси Цзянь Янь билан учрашди.

Учрашув чоғида афғонлараро тинчлик жараёнини илгари суриш билан боғлиқ вазиятнинг ривожланиши, Афғонистон ҳудудида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари ҳамда афғон кадрларини тайёрлашга ёрдам кўрсатиш борасидаги Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигининг ҳолати тўғрисида фикр алмашилди.

Хитой дипломатик ваколатхонаси раҳбари Термиз шаҳридаги афғон фуқароларини ўқитиш таълим маркази негизида Афғонистон Ислом Республикаси қишлоқ хўжалиги мутахассисларини тайёрлаш бўйича Ўзбекистон–Хитой–Афғонистон уч томонлама ҳамкорлигини йўлга қўйишдаги Тошкентнинг саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдирди.

Мазкур соҳадаги ҳамкорлик доирасини кенгайтиришга томонларнинг тайёрлиги билдирилди.

Афғонистон йўналишидаги Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлигининг конструктив аҳамиятига эътибор қаратилган ҳолда мазкур мамлакат бўйича икки давлат махсус вакиллари ўртасида фикр алмашишни мунтазам давом эттиришга келишиб олинди.

Кўпроқ янгиликлар