Энергетика вазирлиги «ақлли» ҳисоблагичлар хакерлик ҳужумларидан ҳимояланганини билдирди

Ўзбекистон 18:31 / 14.08.2019 5480

Ўзбекистон энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев энергия ресурсларини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими )ЭҲАТ) яхши ҳимояланганини билдирди, деб хабар берди Kun.uz мухбири.

Унинг сўзларига кўра, «ақлли» ҳисоблагичлардаги барча кўрсаткичлар захира ташувчиларда архивланади, тизим хавфсизлигини ишлаб чиқиш учун хорижлик мутахассислар жалб этилган.

«Назарий жиҳатдан ҳисоблагичга ёки тизимга таъсир кўрсатиш мумкин. Тизим жуда яхши ҳимояланган. Бунинг устига, у бизнинг мутахассисларимиз томонидан ишлаб чиқилмаган. Афсуски, бизда бундай даражадаги мутахассислар йўқ. Хакерлик ҳужумлари бўлмаслиги кафолатланмаган. Тизим маълумотларни ҳар куни захира ташувчига архивлаб боради», – деди Хўжаев. 

Агарда ғараз ниятли шахслар ҳисоблагични бузишга уринса, у текширув ўтказиш зарурлиги тўғрисида хабар юборади.

«Биз бежизга KT Corporation компаниясини таклиф этмадик. У йирик маълумотларни бошқариш тизимларини ишлаб чиқиш бўйича жаҳонда етакчилардан бири ҳисобланади. Уларнинг маълумотлар марказида бўлганман ва реал вақт ичида кузатиладиган хакерлик ҳужумларидан ҳайратда қолганман. Бир суткада бир неча миллион хакерлик ҳужумлари бўлади», – деди Хўжаев. 

Эслатиб ўтамиз, шу йил январида Кореянинг KT Corporation компанияси билан ЭҲАТ маълумотларини қайта ишлаш ягона марказини ташкил этиш бўйича қўшимча шартнома имзоланганди.

Кўпроқ янгиликлар