Ўзбекистон ва ОИИБ Афғонистонда ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга оширишни муҳокама қилди

Ўзбекистон 16:21 / 13.08.2019 2192

Ўзбекистон ва Осиё инфраструктуравий инвестиция банки Афғонистонда ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон инвестиция ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов маълум қилди.

«Биз Афғонистонда ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш салоҳиятини муҳокама қилдик», – деди Умурзоқов ОИИБ президенти Цзинь Лицюн иштирокидаги брифингда. У шу билан бирга, ҳозирча аниқ лойиҳалар белгиланмаганини қайд этди.

Вазир шунингдек, ОИИБ Жаҳон банки ҳаммолиялаштириши остида «Обод қишлоқ» лойиҳасига ҳамда «Бухоро-Мискин-Урганч-Хива» темир йўлини электрлаштириш лойиҳасига қўшилиши мумкинлигини айтди. Умурзоқов тилга олган лойиҳалар орасида шунингдек, Қорақалпоғистондаги йўлларни реконструкция қилиш ва Самарқандда арзон уй-жойлар қуриш лойиҳалари бор.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилда ОИИБ ва Ўзбекистон ўртасида Бухоро вилоятида сув таъминоти, канализация ва йўл қурилиши соҳасида умумий қиймати 600 миллион доллардан ортиқ бўлган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишув имзоланганди.

Кўпроқ янгиликлар