Жошуа ва Руис ўртасидаги реванш жанг Саудия Арабистонида ўтказилади

Спорт 08:04 / 13.08.2019 10951

Британиялик боксчи Энтони Жошуанинг промоутери Эдди Хирн ўта оғир вазн тоифасида Жошуа ва америкалик-мексикалик жаҳон чемпиони Энди Руис ўртасидаги реванш жанг Саудия Арабистонида ўтказилишига изоҳ берди ва бу воқеа боксни батамом ўзгартириб юбориши мумкинлигини айтди.

Хирннинг матбуот анжуманда маълум қилишича, жанг 7 декабрда Саудия Арабистони пойтахти яқинидаги Ад-Дирия стадионида очиқ осмон остида ўтказилади.

“Енгилмас” Жошуа Руис билан 1 июнда Мэдисон Сквер Гарденда бўлиб ўтган жангда IBF, WBA ва WBO чемпионлик камарларини рақибига бой берганди.

“Бизда Саудия Арабистони, Дубай, Қатар, Абу-Дабидан таклифлар бўлди”, деб қўшимча қилган Хирн.

“Биз Кардифф ва Мэдисон Сквер Гардендан ташқарида ҳам бошқа дунё борлигини англашимиз ва боксни янги ҳудудларда ривожлантиришимиз лозим. Қаранг, бу давлатда жаҳон миқёсидаги қанча воқеалар бўлиб ўтмоқда, уларда бокс спортига ўз қарашлари ва ишончлари бор”, деб айтган Хирн. 

“Бу воқеа боксни батамом ўзгартириб юбориши мумкин. Агар Саудия Арабистони бундай жангларга маблағ тикса, уларда спортни ривожлантириш учун мавжуд салоҳият билан сиз боксда катта ўзгаришлар юз беришини кўришингиз мумкин”, деб таъкидлаб ўтган промоутер. 

Шунингдек, у Саудия Арабистони томонидан охирги йилларда ташкил этилган халқаро спорт тадбирларини санаб ўтган. Улар орасида Формула Е пойгалари, European Tour golf, Италия Суперкубоги, бокс ва кураш WWE (рестлинг) бор. 

Яқинда Саудия Арабистони 2020 йилда мукофот жамғармаси 20 млн долларлик дунёдаги энг катта кўламли от пойгалари ўтказишини эълон қилганди.

“Бу бокс учун катта воқеа, муҳим ондир. Мен сизга бутун дунё бу кураш ортидан катта қизиқиш билан кузатишига кафолат бераман”, деб айтган Хирн.

Кўпроқ янгиликлар