«Парвоз завқи» — парвоз завқи ҳақида асар

Lifestyle 20:01 / 06.08.2019 2963

Ричард Бахнинг «Парвоз завқи» китобини ўқиб чиқдим. Рости, айрим китобларни бир ўқишни бошлаб кейин ташлаб ҳам қўяверардим. Лекин «Парвоз завқи»ни бир қўлга олиб охиригача ўқимагунча кўнглим тинчимади. Эҳтимол бунга китобнинг содда ва равон ёзилганлиги сабаб бўлгандир. Хўш, бу асар нимаси билан мени сеҳрлаб олди, уни нима учун тавсия қиляпман?

Кўпчилигимиз эртадан кечгача қаёққадир шошиламиз, юмушларимизни тугатишга интиламиз. Шу тариқа кун, ой, ҳатто йиллар ҳам ўтиб кетаверади. Ёнимиздан сирғалиб ўтиб кетаётган йилларни сезмай қоламиз ва афсуски шу аснода ўзимизни қаердан келиб, қаерга кетаётганимизни ҳам гоҳо таҳлил қилолмаймиз. «Парвоз завқи» қаҳрамони Жонатан исмли балиқчи қуш атрофидагиларга қарайди, уларнинг бир хилда ўтадиган кунлари, фақат емиш учун интилишлари унга жуда зерикарли туюлади. Ахир, ҳаёт фақат сув юзасига чиқиб қолган ўлимтик балиқларни ейишдан иборат эмас-ку, умримизни бундан каттароқ ва салмоқлироқ вазифага сарфлаганимиз маъқул деб ўйлайди. У нафақат ўйлайди, балки шу аснода юқорироққа, ўзидан олдингилар забт этмаган тепаликларга учишга эришади. Афсуски, худди ҳаётдагидек у кўтарилгани сари уни тушунадиганлар, уни қўллаб қувватлайдиганлар камаяди. Ахир кунинг тинч ўтаётган бўлса, емиш тайёр бўлса, юқорига чиқишни, тепаликка парвоз қилишни ўрганишнинг нима кераги бор? Жонатаннинг қабиладошлари шундай фикрда. Бу Жонатанни ҳам ўз фикридан қайтариши мумкин эди. Лекин у бир бор бўлса-да парвоз машаққатини, қийинлигини ва албатта завқини туйганди. Энди уни ҳеч ким ва ҳеч нарса парвоз завқидан маҳрум қилолмасди. 

Сиз охирги марта қачон орзу қилдингиз? Аминманки, кўпчилигингиз эслолмайсиз. «Парвоз завқи»ни ўқиб ундан руҳлангач, орзу қилишдек буюк неъматни унутиб қўйганимни сездим ва яна худди болакайдек орзу қила бошладим. 

Ушбу китоб ҳеч муболағасиз ўзлигингизни топишга ёрдам беради. Бу дунёда томошабиндек эмас, ўйинчидек яшаш кераклигини англатади. Ўзи кичик, аммо мақсади улкан қушча билан вақтингиз қандай ўтганини сезмай қоласиз. У билан бирга ҳаяжонланасиз, куйинасиз, мақсад қўясиз ва ҳаётга янаям муҳаббат билан қарай бошлайсиз. 

Аслида ҳар биримизда Жонатанга ўхшаган қушча яшайди, афсуски, уни пайқашга доим ҳам вақт тополмаймиз. Иккинчи даражали юмушлар учун вақтимизни, умримизни сарфлаб, асосий вазифамиз кимгадир ёрдам бериш, эзгулик учун шошилишга улгурмай қоламиз. Жонатан эса муҳими тезликка эришиш, асосий ишларга улгуриш эканлигини уқтиради. 

Китобдан иқтибослар: 

Сен ақлдан озган қушлар тўдасини севишинг шарт эмас. Сен умуман нафрат ва ёвузликка меҳр-муҳаббат билан жавоб қайтаришинг шарт эмас. Сен машқ қилишинг ва бу қушларнинг ҳар бирида раҳмдил асл балиқчи қушни кўришинг ҳамда уларга ўзларидаги ўша балиқчи қушни кўришларига ёрдам беришинг керак. Мана шу ёрдамни мен муҳаббат, меҳр, раҳм деб атайман. Сен ҳамма нарсани билишинг мумкин, аммо буни амалиётда исбот қилмасанг, демак, ҳеч нарсани билмайсан.

*** 

Балиқчи қуш қанчалик юксак парвоз қилса, шунчалик узоқни кўра олади.

***

Жонатан балиқчи қушларнинг умри нима учун қисқалигини англади: уларнинг умрини зерикиш, қўрқув ва ғазаб еб қўярди, аммо Жонатан зерикиш, ғазаб ҳамда қўрқувни унутди ва узоқ бахтиёр ҳаёт кечирди.  

Зуҳра Рўзиева, китобхон

Кўпроқ янгиликлар