Кириш имтиҳонларига тайёрланиш: кенг тарқалган 4 стратегия ва психологнинг шунга доир изоҳлари

Lifestyle 13:45 / 29.07.2019 15166

«Буни қандай қилиб ёдлайман?» — ҳар бир янги китоб варақланиши олдидан мактаб битирувчилари ва талаба бўлишни истаган барча ёшлар бу саволни такрорлаб туришади. «Қандай қилиб ўзимни қўлга олишим ва ҳаяжонланмаслигим мумкин?», «Жавобни умуман эслай олмасам нима қиламан?» Қуйида шу каби саволлар ва ортиқча куч сарфламасдан имтиҳонни омадли ўтказишга оид тавсиялар билан таништирамиз.

Имтиҳон олди машғулотлар ва синовлар бошланаётган пайтдаги асабий таранглик барчани қамраб олади. Имтиҳон кунлари ҳам етиб келди. Қандай қилиб муваффақиятли топшириш мумкин? Тест синовларининг безовтали кунларини натижа ва соғлиққа максимал даражада фойдали ва ҳаттоки хушчақчақлик билан ўтказиш мумкинми?

Қуйида энг кенг тарқалган 4 «қоида» ва уларга когнитив психотерапевтнинг изоҳлари.

1. Энг охирги кун иложи борича кўпроқ маълумот билан танишиб чиқиш керак. Қисқа муддатли хотира уларни эслаб қолади ва эртанги имтиҳонда қўл келади
Ушбу стратегия математик тафаккурга эга, хотираси яхши ва мантиқий фикрлай оладиганларга мос келиши мумкин. Бироқ умумий олиб қараганда жуда фойдали усул ҳисобланмайди. Нима бўлганда ҳам хотирамиз ҳажми чегараланган ва афсуски у бизнинг тўғридан-тўғри кўрсатмаларимизга бўйсунмайди.

Агар кун давомида тўлиқ 24 соат мияни янги маълумотлар билан тўлдиришда давом этилса, хотирага ҳаддан ташқари кўп юк тушади ва имтиҳон вақтида у сиз билан ёмон ҳазил қила бошлайди. Охирги дақиқада «ўрганилган» билимлар керакли вақтда ёдда келмаслиги мумкин. Саволларни ўқийсиз ва ... ҳеч нарсани эслай олмайсиз. Ёки рақамлар, йиллар ва формулаларни чалкаштира бошлайсиз.

Имтиҳонни кутилган натижага топшириш учун бошиданоқ қизиб турган бўлмаслик керак. Агар ўқувчи билимларни эгаллашга ўта кўп қувватини сарфлаб юборса, синов даврида на ҳиссий ва на ақлий кучга эга ҳолатда келади. Шунинг учун энг яхшиси кунига 3-4 соат шуғулланиш керак, нафақат янги маълумотлар билан танишиш балки аввалги эгалланганларини такрорлаб туриш ҳам тавсия этилади.

2. Имтиҳон олди сўнгги кунда тайёрланишни мутлақо тўхтатиш зарур: мия озроқ «совисин»
Агар ўқувчи йил давомида тўлиқ шуғулланиб бўлган бўлса, бу ёмон фикр эмас. Худди шунингдек икки-уч ой олдин ҳар бир мавзуга оид 20-30 ўхшаш мисолларни бажарган бўлса, у аллақачон ечимни қандай топиш маҳоратини ўзида шакллантирган ва такрорлаб ўтиришга ҳожат йўқ.

Ваҳоланки, машғулотлардан бир кунга тўлиқ воз кечишдан маъно ҳам йўқ. Нега ўзингизни имтиҳон олдидан бир неча соат ниманидир такрорлаб олиш имкониятидан маҳрум қилишингиз керак?

3. Имтиҳон олдидан жуда ҳам хотиржам бўлиш ярамайди. Ўзини-ўзи асабийлаштириш керак: стресс пайтида хотира яхшироқ ишлайди, диққатни жамлаш осон кечади
Кўпинча бундай фикрлар оддий тасодифлар ортидан келиб чиқади: кимдир имтиҳон олдидан асабийлашиб кетган —  ва кутилмаганда натижа аъло бўлган. Шундан сўнг янглиш хулосага келади: имтиҳонни яхши топширдим, чунки асабийлашиб тургандим.

Аслида эса хулоса бошқача бўлиши керак эди: айнан шу сафар у яхшироқ тайёрланган бўлган. Хоҳлаймизми йўқми, синовлар олдидан юзага келган стресс инсонга салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун бизнинг вазифамиз уни сунъий равишда қўзғатиш эмас, аксинча иложи борича олдини олишдир.

Стресс вақтида диққатни жамлаш бир мунча осон туйилиши мумкин, бу ҳақиқат. Аммо фақатгина қисқа, соғлом стресс яъни ишга доир хавотир фойдали, холос. Носоғлом, узоқ давом этувчи тушкунлик билан инсон ўзини жуда чарчаган ҳис қилади, тикланиш учун вақт ҳам кам. Имтиҳон даври ҳиссий ҳолдан тойишлар вақтига тўғри келмаслиги ҳам катта аҳамиятга эга. Лекин бу тинчлантирувчи воситалар қабул қилиш керак дегани эмас: улар диққатни жамлашга халақит қилиши ва умумий онг фаолиятини секинлаштириши мумкин.

4. Имтиҳонни омадли топшириш учун албатта «шпаргалкалар» тайёрлаш керак, айниқса қўлда ёзиб
Ҳар хил хотира турлари маълумотни ўзлаштиришда ёрдам бериши бор гап. Баъзида, ҳаттоки, мусиқали хотира турини ҳам синаб кўриш мумкин, овоз — масалан, бирор формула ёки иборани оддий куйга солиш орқали ёдда сақласа бўлади.

Жавоблар, конспектлар режасини тайёрлаб, схемалар чизиб сиз ўз билимларингизни шакллантирасиз ва турли фикрлар ўртасида ассоциатив алоқаларни яратасиз. Бусиз эслаб қолишнинг иложи йўқ деган фикрга бормаслик керак, аммо тайёргарлик доимо қўл келади.

Кўпроқ янгиликлар