У ерда сукунатнинг овози эшитилади. Ўзбекистоннинг энг баланд чўққисига фотосаёҳат

Ўзбекистон 21:10 / 26.07.2019 104507

Ўзбекистоннинг энг баланд чўққиси Ҳазрат Султон яна саёҳатчилар учун очилди. Маълум вақт бу чўққига чиқиш мумкин бўлмаган ва ўтган йилдан бошлаб Тожикистон чегарасида жойлашган бу тоғга одамлар яна чиқа бошлади. 24 июль куни 2019 йил ҳисобидан илк марта Ҳазрат Султонга тур уюштирилди. Ўта мураккаб бўлса ҳам, мамлакатнинг энг баланд чўққисини забт этиш учун 150 чоғлик одам тўпланди. Улар орасида ёши катта одамларнинг кўплиги эътиборни тортди.

Ҳисорак сув омбори

Ҳазрат Султон чўққиси Ҳисор тоғ тизмасида жойлашган бўлиб унинг баландлиги 4 643 метр. Бу чўққи Ўзбекистоннинг энг баланд нуқтаси ҳисобланади. Унинг номи Хўжа Аҳмад Яссавий шарафига Ҳазрат Султон деб аталган. Яссавийнинг номларидан бири айнан Ҳазрат Султон бўлган. Тожикистон билан шундоққина чегарада жойлашган бу чўққини забт этиш ҳар кимга ҳам насиб қилмаслиги, бу одамдан жуда кўп куч ва сабр талаб қилишини унинг энг юқорисига чиқиб билдик. Олдиндан айтиб қўяман, бу чўққига чиқмоқчи бўлганлар етти ўлчаб бир кесиши керак. 

Сафаримиз Самарқанддан бошланди. 24 июль куни тонгда Самарқанддан Китоб томон йўлга чиқдик. Белгиланган жойга етиб боргач, тўпланиб турган одамлар ва жуда кўп «НИВА» машиналарини кўрдик. Чунки тоғли йўлларда фақат тўртта ғилдираги ҳам тортадиган машиналаргина юра оларди. «НИВА»лар бизни Ҳисор тоғлари ёнбағри томон олиб кетди. Тоғ бағрига киришимиз билан гўзалликлар бошланди...

Довонга чиқишимиз билан Ҳисорак сув омборининг гўзаллигига гувоҳ бўлдик. Кўм-кўк бўлиб турувчи бу табиий сув омборида турган гапки ГЭС ҳам қурилган. Унинг гўзаллигини сўзда таърифлаш қийин, яхшиси унинг расмларини томоша қилақолинг.

Бу йил лалми картошка ҳам роса баракали бўлган
Ҳаво бошқа ерларга қараганда совуқ бўлгани боис буғдой ҳали пишмаган

Ҳисоракка сув Оқдарё деб аталадиган дарёдан келади. Унинг табиатга исён қилаётгандек шиддат билан тўлиб оқаётгани музликлар тез эриётганини, демак тепада ҳам ҳаво иссиқлигини кўрсатарди. Аммо тоғнинг тепасига чиққач, чучварани хом санаганимизни билдик.

Ҳисоракдан сўнг довондан ўтиб бир қатор қишлоқларга кириб бордик. Мираки қишлоғидан ўтгач, телефонларда алоқа узилди. Фақат Uz Mobile ишлаётганди, аммо кейинроқ у ҳам ўчиб қолди. Чўққига яқинлашган сайин йўл ҳам оғирлаша борди. Нима учун бизга айнан «НИВА» ажратилгани шунда маълум бўлди.

Кўл қишлоғига боргач, атроф фақат тоғлардан иборат бўлиб қолди. Тоғнинг энг ўртасига кириб боргандан кейин эса аскарларга кўзимиз тушди. Бизни кутиб олган ДХХ чегара қўшинлари аскарлари қайси йўлдан боришни, чўққига чиқишда нима қилиш кераклиги ҳақида тавсия беришди. Улар ўз вазифасига кирмаса ҳам ўнлаб одамларни чўққигача йўл кўрсатиб олиб боришди ҳам. Ҳаво совуганидан сўнг одам қадами етмайдиган ерларда чегарада турувчи, ўзларининг айтишича уч кундан буён ухламаган бу йигитларга қойил қолдик.

Соат 21:00 дан ошганда тоғлар орасидаги водийга етиб бордик, чунки Кўл қишлоғида чегарачиларга саёҳатчиларнинг рўйхати олиб келинишини анча кутиб қолдик. Китобдан водийгача бўлган йўлга ҳам 3 соатдан кўпроқ вақт кетди. Яхшиям ташкилотчилар барчага фонар олишни тайинлаганди. Шу тариқа тунда мамлакатнинг энг баланд чўққиси томон йўлга чиқдик.

Тоғлар қироли бўлган «НИВА»

Какликлар машиналардан қочишмоқда

Саёҳатчилар чўққи томон йўлга чиқиш олдидан шом намозини адо қилишмоқда...

Бошланишига ҳамма бир хил кетаётганди, аммо кейинчалик ҳар ким кучига қараб бўлиниб кетди. Тан олиш керак, тикка тоққа чиқиш жуда-жуда қийин бўлди. Тоғлик одамлар учун бу оддий ишдир, аммо оддий йўлда юришга одатланганлар учун чўққига чиқиш мураккаб. Тоғдан тепага кўтарилиб кетган сайин одамлар сийраклаша борди ва турган гапки йўлни йўқотиб қўйганлар ҳам бўлди. Жумладан биз ҳам. Ҳамроҳим журналист Ғайрат Йўлдош билан денгиз сатҳидан нақ 3 000 метр тепада адашиб қолдик!

Атроф қоп-қоронғу, ҳеч қандай илинж кўринмайди. Бундай паллада инсон табиат олдида қанчалик ожиз эканини ҳис қилади. Соат 03:30 лар атрофида Ҳисор тизмасининг энг юқори қисмига етиб бордик. Аммо адашиб кетганимиз учун Ҳазрат Султон чўққисидан эмас, унинг қаршисидан чиқдик. Орада эса катта «қор денгизи» бор эди. Айтганча, олдинроқ каттагина қорли ҳудудни кўчиб ўтишга мажбур бўлдик. 4 000 метр баланддаги қияликда қорнинг устида юриш қанчалик қўрқинчли бўлганини эса тасаввур қила олмасангиз керак.

Пастдаги нуқтачалар одамларнинг қўлидаги чироқлар

Ой чиқиши билан суратга олдик. Тоғлар эса кўринмаяпти...

Биз юқорисига кўтарилган чўққидан 3-4 қадамгина нарида тубсиз жарлик кўринади. У ерга бир марта қарадим ва ишонинг қўрқмадим, фақат завқландим. Қаршимизда фақат тоғлар кўринди ва узоқдан бир шаҳар ҳам кўзга ташланди. Бу Ургут эканини тахмин қилдик. Ўнг томонда Панжакент, чап томонда Урут тоғлари. Ердан қараганда жуда улкан кўринадиган бу тоғлар биз турган ердан кичик кўринди. Улар биздан пастда эди-да.

Тоғнинг тепасида қорнинг жуда кўплиги боис ҳаво анча салқин эди. Айниқса Қуёш чиқиши арафасида ҳаво кескин совиди. Қуёшнинг чиқиши эса алоҳида гўзаллик. У вақтда тоғлар янада гўзаллашди. Қуёш чиқиши билан ортга қайтдик. Тушиш ҳам осон бўлмади. 4 соатча юргач яна машиналар тўпланган водийга етиб бордик. Айнан етиб боргандан сўнг тоғнинг тепасидаги гўзалликларни чинакамига англадик. Чунки тепада вақтимиз қўрқув кучли эди.

Ўзбекистоннинг энг юқори чўққисига яқинлашгач, инсон фақат битта овозни эшитаркан — сукунатнинг овозини. Тўғри, бизга олисдан дарёнинг шовқини ҳам эшитилиб турди, аммо мен айтаётган овоз бошқа эди. Тонг қоронғусида атроф шунчалик жимжит бўлдики, бир гап айтсангиз, қайтиб келаверди. Фажрга азон айтганда қайтиб келган овоз эса ҳеч нарсага ўхшамайди... Юқорида айтганимиздек бу қандай бахт бўлганини ҳам пастга тушгач англадик.

Хуллас ажойиб саёҳат бўлди. Қуйида бизнинг расмлар билан Ҳазрат Султонга хаёлан саёҳат қилишингиз мумкин бўлади. Саёҳатдан олинган видеоларни эса алоҳида эътиборингизга ҳавола этамиз.

Юқорида айтганимиз 4 000 метрдан ҳам тепароқда олинган кадр мана шу. Оёқ остида тубсиз жарлик, қаршида эса «кичкина» тоғлар
Олисда кўринаётган тоғлар Тожикистон ҳудудида

Маҳаллий одамлар тоғ эчкилари каби қояларга чирмашиб юраверишади
Ўша машҳур Ҳазрат Султон чўққиси мана шу

Бу музликка «Бумеранг» деб ном қўйдик
Ҳақиқий мусаффо осмон мана шундай бўлади...

Йўл давомида шифокорлар саёҳатчиларни назорат қилиб туришди

Ўткир Жалолхонов

Кўпроқ янгиликлар