Бош прокуратура академияси магистратурасига ҳужжатлар қабул қилиш бошланмоқда

Ўзбекистон 10:30 / 18.07.2019 3678

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси магистратурасига абитуриентлар қабул қилинади. Бу ҳақида Бош прокуратура Академияси хабар бермоқда.

Магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш ўқитишнинг амалий хусусиятига ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг касбий фаолияти билан узвий боғлиқликка таянган ҳолда амалга оширилади.

Академия магистратурасига абитуриентларни қабул қилиш тенг ҳуқуқлилик, қабул ва танловнинг ягона қоидалари асосида амалга оширилади. Магистратурага танлов «юриспруденция» мутахассислиги бўйича олий юридик маълумотга эга бўлган шахслар орасида ўтказилади. Шунингдек, прокуратура органлари ходимлари, шу жумладан амалдаги кадрлар захирасидаги ходимлар танловда иштирок этиши мумкин.

Академия магистратурасининг «коррупцияга қарши курашиш», «прокурорлик фаолияти» ва «тергов фаолияти» йўналишлари бўйича 2019/2020 ўқув йилига жами 30 та, шу жумладан 18 та давлат гранти ва 12 та тўлов контракти асосида қабул квотаси тасдиқланган бўлиб, шундан:

– прокуратура органлари ходимлари учун – 15 та (ҳар бир йўналиш бўйича 5 тадан);

– очиқ танлов бўйича – 15 та, шу жумладан давлат гранти асосида 3 та (ҳар бир йўналишда 1 тадан) ва тўлов контракти асосида 12 та.

Очиқ танлов бўйича давлат гранти асосида қабул қилинган номзодларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва миқдорда ҳар ойлик стипендия тўланади.

Кириш имтиҳонлари 20 август – 10 сентябрь оралиғида мутахассислик фанлари ва чет тили фанидан ёзма имтиҳон, шунингдек суҳбат тарзида ўтказилади.

Мутахассислик фанлари бўйича ёзма имтиҳон ва суҳбат жиноят ҳуқуқи, жиноят-процессуал ҳуқуқи, конституциявий ҳуқуқ, давлат ва ҳуқуқ назарияси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фанларидан казуслар ва саволлар ҳамда ҳуқуқ фанларидан эсседан иборат бўлади.

Чет тилини билиш даражасини тасдиқловчи В2 ва ундан юқори даражадаги давлат малака сертификатига ёки халқаро сертификатлардан CEFR (Common European Framework of Reference) бўйича В2, IELTS (International English Language Testing System) бўйича 5.5 балл, TOEFL (Test of English as a Foreign Language) бўйича 72 баллдан кам бўлмаган баллга эга номзодлар чет тили фани бўйича имтиҳонни топширишдан озод қилинадилар. Уларга энг юқори балл (50 балл) қўшилади.

Академия магистратурасида ўқиш давомийлиги – 1 йил.

Ўқиш жараёнида ижобий натижаларга эришган Академия магистратураси битирувчилари прокуратура органларига хизматга қабул қилишга тавсия қилинадилар.

Академия магистрлари Академия докторантурасида ёки мустақил изланувчи сифатида илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланиб, олий ўқув юртидан кейинги таълим олиш имкониятига эга бўладилар. 

Бош прокуратура Академиясида магистратура йўналишлари бўйича таълим жараёни ўқитишнинг самарали замонавий педагогик ва ахборот коммуникация технологияларини қўллаган тарзда амалга оширилади.

Таълим жараёнини етакчи хорижий таълим муассасалари амалиётида ўзини оқлаган қулай ва самарали усул – академик кредит тизими асосида ташкил этиш режалаштирилган.

Академияда таълим жараёнининг асосини ўқитишнинг замонавий интерфаол шакл ва усулларини қўллаган ҳолда амалиётга йўналтирилган, компетенциявий ёндашув ташкил этади. Таълим сифатини баҳолаш мақсадида доимий мониторинг жорий этилади.

Академияда суд жараёни имитацияси, ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш ҳамда бошқа амалий машғулотларни ўтказиш имконини берувчи махсус ўқув хоналари жиҳозланган.

Тингловчиларда тергов ҳамда тезкор-қидирув фаолиятини ўтказиш бўйича махсус кўникмаларни шакллантириш мақсадида тизимли равишда вазиятли ўқув машғулотлари ташкил этилади.

Академия тил ўргатиш кафедраси томонидан инглиз тилини юридик мақсадларда чуқур ўргатиш йўлга қўйилган бўлиб, машғулотлар хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда ўтказилади. Шунингдек, Академиядаги «Discussion club» доирасида жамиятдаги ҳуқуқий муаммоларни она тилиси инглиз тили бўлган хорижий экспертлар иштирокида муҳокама қилиш орқали тингловчиларда юридик инглиз тилини қўллаш кўникмалари мустаҳкамлаб келинмоқда. Бош прокуратура Академияси дунёнинг 30 га яқин етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик муносабатларини ўрнатган бўлиб, тингловчилар ўзаро алмашинуви дастурларини амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилган. Унга кўра, магистратура тингловчилари хорижий давлатлар олий таълим муассасаларида стажировка ўтиш ва тажриба алмашиш имкониятига эга. Шунингдек, ўқув жараёнига Академия профессор-ўқитувчилари билан бир қаторда нуфузли хорижий таълим муассасалари экспертлари ҳамда профессор-ўқитувчилари жалб қилинади.

Магистратурага номзодлар жорий йил 10 июнь – 10 август кунлари давомида доимий ёки вақтинча яшаш манзили бўйича Академия қабул комиссияси аъзолари – прокуратура органларининг кадрлар тармоқларига ҳужжат топширишлари мумкин.

Қўшмча маълумотларни (71) 202-04-96 (1775) рақами орқали боғланган ҳолда олишингиз мумкин.

Кўпроқ янгиликлар