Трамп Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлардан уран импортини таҳдид деб тан олишдан бош тортди

Жаҳон 10:35 / 16.07.2019 36198

АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакат ичида уран ишлаб чиқариш учун квоталар ўрнатишдан бош тортди. Бу ҳақда РБК хабар бермоқда.

Ҳужжатда давлат раҳбари АҚШ Савдо вазирлигининг хориждан уран импорти миллий хавфсизликка таҳдид солиши ҳақидаги хулосаларига қўшилмаслигини маълум қилди.

Трампнинг кўрсатишича, улар «жиддий ташвиш»га сабаб бўлмоқда ҳамда ушбу масалани янада чуқурроқ ўрганиб чиқишни талаб қилади. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда «миллий хавфсизликнинг барча аспектлари ядро ёқилғисини етказиб беришнинг занжирига нисбатан тўлиқ таҳлил этилиши лозим».

2018 йил июль ойи ўрталарида АҚШ Савдо вазирлиги уран импортига боғлиқлик миллий хавфсизликка таҳдид солиши бўйича суриштирув бошлади.

Ариза берувчиларнинг кўрсатишича, уранни соҳа асосан ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланаётган давлатлар етказиб бермоқда (Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Хитой). Шунингдек, мудофаа ва бандлик учун хатарлар борлиги айтилиб, сўнгги йилларда АҚШдаги учта компания қазиб олишни тўхтатгани таъкидланган.

2017 йилда Ўзбекистон U3O8 эквивалентидаги 2,15 миллион фунт уранни АҚШга етказиб берди. Бу Қўшма Штатлар уран импортида давлатлар орасидаги бешинчи кўрсаткич.

Импортда биринчи ўринни Канада эгаллайди - 14,05 миллион фунт, Австралия иккинчи - 8,13 миллион фунт, учинчи Россия (7,07 миллион фунт) ва тўртинчи Қозоғистон (4,64 миллион фунт).

Шу билан бирга, Ўзбекистон урани энг арзонларидан бири саналади - U3O8 эквиваленти фунтига ўртача нарх 37,7 доллар. Россияда бундан ҳам арзонроқ - бир фунт учун 31,5 доллар. Мисол учун, Қозоғистон 38,3 доллардан, Канада 40,6 доллардан, Австралия эса 42,4 доллардан сотади.

Financial Times маълумотларига кўра, Ўзбекистон дунёда уран ишлаб чиқариш бўйича еттинчи ўринда туради. 2018 йил январь-июнь ойларида Ўзбекистон уранни 106 миллион долларга сотди. 

Бундан олдин, Ўзбекистон олтин ва уран захираларини сезиларли даражада оширишни режалаштираётгани хабар берилганди.

Кўпроқ янгиликлар