Қозоғистонда лотин алифбосига ўтиш ўн йилга кечиктирилиши мумкин

Жаҳон 14:38 / 16.07.2019 2946

Қозоғистонда кирилл алифбосидан лотин алифбосига ўтиш муддати белгиланган 2025 йил ўрнига 2035 йилгача чўзилиши мумкин. Бу ҳақда мамлакатдаги юқори лавозимли амалдорларга таяниб "Известия" хабар берди.

Нашр манбаларидан бирининг айтишича, қолган вақт давомида катта авлод вакилларини лотин ёзувига ўргатиш қийин кечади, чунки ёши 65дан ошган аҳоли лотин алифбосини "керакли даражада" билмайди. 

Ҳукумат режасига кўра, мамлакатда ҳужжатларни янги алифбога ўтказиш 2024 йилгача якунланиши лозим. Кирилл ёзуви йўқоладиган биринчи ҳужжат паспорт бўлади – 2021 йилгача у тўлиқ лотинча ёзувда бўлади.  

Республиканинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев 2017 йилнинг апрелида ҳукуматга қозоқ тилидан лотин алифбосига ўтиш графигини тайёрлаш вазифасини топширганди. Янги алифбода 32 ҳарф бўлади ва апостроф бўлмайди. Давлат тилини лотинчага ўтказиш жараёнини 2025 йилгача якунлаш кўзда тутилганди.

Кўпроқ янгиликлар