Васийлик ва ҳомийлик органлари бўйича президент қарори қабул қилинади. Жиддий ўзгаришлар кутиляпти

Ўзбекистон 12:11 / 12.07.2019 8147

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Васийлик ва ҳомийлик органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар васийлик ва ҳомийлик органлари фаолиятини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари ва вазифалари этиб белгиланиши мумкин:

васийлик ва ҳомийлик органларининг вазифа, функция ва ваколатларини бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш;

васийлик ва ҳомийлик органлари фаолияти самарадорлигини таъминлаш мақсадида улар ўртасида идоралараро электрон ҳамкорлик тизимини яратиш;

васийлик ва ҳомийлик органлари фаолиятининг самарадорлиги, тезкорлиги ва шаффофлигини таъминлаш, уларнинг масъулиятини ва ижро интизомини кучайтириш;

васийлик ва ҳомийлик органлари фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиётини чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш;

васийлик ва ҳомийлик органлари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича илғор хориж тажриба асосида таклифлар тайёрлаш;

васийлик ва ҳомийлик органларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ҳамда ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш чораларини кўриш;

васийлик ва ҳомийлик соҳасида кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини самарали ташкил қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Адлия вазирлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилиши мумкин:

назоратидаги етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сони 200 тадан ортиқ бўлган туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари тузилмаларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан молиялаштириладиган васийлик ва ҳомийлик масалалари билан шуғулланувчи 1 нафардан жами қўшимча 97 нафар штат бирликларини ажратиш;

васийлик ва ҳомийлик масалалари билан шуғулланувчи штат бирликларига қоида тариқасида биринчи навбатда “психология”, “юриспруденция” ва “ижтимоий иш” соҳалари бўйича олий маълумотга эга бўлган фуқаролар тайинланиши;

2019 йил 1 сентябрдан ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари тузилмаларида васийлик ва ҳомийлик масалалари билан шуғулланувчи мутахассислари лавозим маошини аниқлашда тариф коэффициентлари 2 баравар кўпайтирилган миқдорда қўлланилиши.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Адлия вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда бевосита жойларга чиққан ҳолда васийлик ва ҳомийлик органлари фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиётини чуқур ўрганади, ўрганиш натижалари ва хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда асослантирилган таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади. Бунда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилади:

васийлик ва ҳомийлик соҳасида давлат сиёсатини белгиловчи ягона тизимни шакллантириш;

васийлик ва ҳомийлик органлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, уларнинг вазифа, функция ва ваколатларини аниқ чегаралаш;

васийлик ва ҳомийлик органлари ўртасида улар фаолияти самарадорлигини таъминлаш мақсадида идоралараро электрон ҳамкорлик тизимини яратиш;

васийлик ва ҳомийликдаги шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари устунлиги ва дахлсизлигини таъминлаш;

васийлик ва ҳомийлик органларининг, уларга юклатилган вазифаларни бажарилиши ва ваколатларини амалга оширилиши билан боғлиқ бўлган қонуний талабларини умуман ёки лозим даражада бажармаслик ёхуд уларнинг қонуний фаолият олиб боришига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш;

айрим тоифадаги маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари бўйича васийлик ва ҳомийлик органлари мансабдор шахслари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомаларни расмийлаштириш ва судга юбориш;

васийлик ва ҳомийлик органларининг ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини самарали ташкил этиш.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда қуйидаги ўзгартиришларни назарда тутувчи Қонун лойиҳасини ишлаб чиқади ва Вазирлар Маҳкамасига киритади, унга кўра:

ота-онанинг ўзи бевосита васийлик ва ҳомийлик органларига ўз вояга етмаган фарзандларига васий ёки ҳомий тайинлаш ҳақидаги ариза билан бевосита мурожаат қилганларида аризанинг нотариал тасдиқланган бўлишига оид талаб бекор қилинади. Бунда, ота-онанинг ўз вояга етмаган фарзандларига васий ёки ҳомий тайинлаш ҳақидаги аризаси васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан тасдиқланади;

ота-она, улардан бири вафот этган тақдирда ота ёки она хорижий давлатга чиқиши муносабати билан ота-оналик мажбуриятларини бажара олмайдиган давр учун, уларнинг аризаси асосида вояга етмаган фарзандларига уларнинг ўзаро келишувига мувофиқ танланган қариндошларидан бири ёки оила қурган вояга етган фарзанди васий ёки ҳомий этиб тайинланади. Бунда, васий ёки ҳомий этиб, боланинг туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси, тайинланаётган шахснинг аризаси, унинг шахсини ҳамда қариндошлигини тасдиқловчи ҳужжатлардан ташқари бошқа ҳужжатлар талаб қилиниши мумкин эмас;

хорижий давлатга чиқиб кетган ва уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатдан қайтмаган ота-онанинг, улардан бири вафот этган тақдирда ота
ёки онанинг вояга етмаган фарзандлари мавжуд бўлиб, уларга нисбатан васий ёки ҳомий тайинланмаган бўлса ёхуд ота-онанинг, улардан бири вафот этган тақдирда ота ёки онанинг вояга етмаган фарзандига нисбатан васий ёки ҳомий тайинлаш тўғрисидаги аризаси бўлмаса, васийлик ва ҳомийлик органининг ташаббусига асосан ота-онанинг розилиги мавжуд бўлишидан қатьий назар болага нисбатан вақтинча васий ёки ҳомий тайинланади. Бунда, васий ёки ҳомийга ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахснинг таъминоти, унга тарбия, таълим бериш ва унинг соғлиғини сақлаш мажбурияти юклатилади;

васийлик ва ҳомийлик органларига уларга юклатилган вазифаларнинг бажарилиши ва ваколатларни амалга оширилиши билан боғлиқ бўлган ахборот ва маълумотларни давлат органлари, ташкилотлари ва бошқа идоралардан талаб қилиб олади, Қонун билан қўриқланадиган сирлар бундан мустасно.

Кўпроқ янгиликлар