2020 йилдан бошлаб айрим олий таълим муассасалари ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилади

Ўзбекистон 08:02 / 12.07.2019 9061

Ўзбекистон Республикаси президенти “Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

а) олий таълим муассасаларининг тузилмалари тегишли олий таълим муассасалари ректорлари (маҳаллий олий таълим муассасалари филиаллари директорлари) томонидан олий таълим муассасалари учун белгиланган нормативларга мувофиқ бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора билан келишилган ҳолда тасдиқланади;

б) давлат ва давлат улуши мавжуд бўлган олий таълим муассасасининг ректори (хорижий олий таълим муассасаси филиалининг маҳаллий ректори ёки директори, ижрочи директори) бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора раҳбарининг тавсиясига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

в) давлат ва давлат улуши мавжуд бўлган олий таълим муассасасининг проректорлари (маҳаллий олий таълим муассасасининг филиали директори, унинг ўринбосарлари, хорижий олий таълим муассасаси директори ўринбосарлари) олий таълим муассасаси ректорининг тавсиясига асосан бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади, бунда:

ўқув ишлари бўйича проректор (филиал директори ўринбосари) лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги;

ёшлар билан ишлаш бўйича проректор (филиал директори ўринбосари) лавозимига номзод Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши;

илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор (филиал директори ўринбосари) лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан келишилади;

г) олий таълим муассасалари:

ҳузуридаги илмий-тадқиқот муассасалари, малака ошириш ва қайта тайёрлаш муассасалари раҳбарлари, академик лицейлар директорлари, бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора билан келишилган ҳолда олий таълим муассасасининг ректори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

факультет деканлари олий таълим муассасасининг ректори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

д) Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари бошлиқлари, шунингдек, Вазирликка идоравий мансуб ташкилотлар ва муассасалар раҳбарлари олий ва ўрта махсус таълим вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

е) касб-ҳунар таълими муассасалари:

директорлари бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

директорининг ўринбосарлари бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора билан келишилган ҳолда касб-ҳунар таълими муассасалари директори томонидан, шунингдек, академик лицей директори ўринбосарлари олий таълим муассасаси ректори билан келишилган ҳолда академик лицей директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Вазирлик, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг 2020 йилдан бошлаб таълим хизматлари бозорида олий таълим муассасаларининг айрим бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига талаб юқорилиги ва молиявий барқарорлигини инобатга олиб, уларни босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтаётган олий таълим муассасаларига қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

а) юқори малакали мутахассисларни жалб этиш, кўрсатиладиган таълим хизматлари сифатини ошириш мақсадида ходимларга устамалар ва моддий рағбатлантиришнинг бошқа турлари миқдорларини мустақил белгилаш;

б) иқтидорли, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларидан бўлган талабаларни моддий рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш;

в) сақлаш харажатлари, вазифа ва мажбуриятларни бажариш, ўқитишнинг инновацион шакл ва услубларини жорий этиш ҳамда ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, дастурий таъминотлар, замонавий ахборот-коммуникация воситалари, ўқув ва илмий лабораториялар ҳамда сарфланадиган лаборатория материалларини (реактивлар, кимёвий идиш, бутловчи, биологик материаллар ва бошқа объектлар), шу жумладан, китоблар, журналлар, ўқув адабиётлари харид қилиш ва чоп эттириш учун маблағларни мустақил сарфлаш;

г) олий таълим муассасаси инфратузилмасига сервис хизматлари кўрсатишнинг алоҳида турлари, жумладан, бино ва иншоотлар, талабалар турар жойлари, спорт объектларидан фойдаланиш, уларни тозалаш, таъмирлаш, компьютер техникаси ва телекоммуникация тармоқларини сақлаш ва юридик хизматлар кўрсатишни аутсорсинг шартларида ташкил этиш;

д) бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора билан келишилган ҳолда:

олий таълим муассасасининг илмий-педагогик салоҳияти, унинг моддий-техник базаси имкониятларини инобатга олиб, талабаларни тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш параметрларини белгилаш, янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очиш;

олий таълим муассасасини ўзини ўзи тўлиқ молиявий таъминлаш миқдоридан келиб чиқиб, тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини белгилаш.

Кўпроқ янгиликлар