Бир шеър ортидан: Қашқадарёнинг Нуристонида боғчалар чиндан ҳам талаб даражасида эмасми?

Жамият 11:00 / 25.06.2019 57954

Мамлакат қудрати унинг таълимга, спортга, умуман, ёшлари ҳаётига эътиборида ўз аксини кўрсатади. Ўзбекистонда бўлаётган мана шу соҳадаги ишлар, айниқса, мактабгача таълимга алоҳида аҳамият бериш ва олиб борилаётган ишлар кўлами, ушбу соҳанинг янги босқичга кўтарилиши сўзимизнинг исботидир. Мамлакатнинг йирик шаҳарларидан тортиб, то олис ҳудудларида қад кўтараётган, иш бошлаётган МТМлар фаолияти барча ерда бир текис, бирдек олиб бориляптими? Ундаги шароитлар, болаларга эътибор, кадрлар малакаси ва шу каби бошқа масалалар сиёсат назарда тутган ҳолдами? Бундай кескин саволларни ўртага ташлаётганимизнинг сабаблари бор, албатта.

Яқинда ижтимоий тармоқларда бир шеър пайдо бўлди ва айтиш лозимки, у интернетни ларзага солди. Бу шеърда Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида жойлашган Нуристон шаҳарчасидаги ҳолатлар, хусусан, МТМлардаги қониқарсиз шароитлар киноя билан тилга олинади.

Вазият билан яқиндан танишиш, аниқроқ айтадиган бўлсак, бу ерда болажонлар маскани ҳақиқатда ҳам шундайми, билиш мақсадида шаҳарчага бордик.

Сўзимиз бошини Мактабгача таълим вазирлигининг мазкур ҳолат бўйича тегишли муносабатидан бошлашга қарор қилдик. Хусусан, вазирлик тақдим этган расмий баёнотда шундай дейилади: «Республика бўйича энг юқори туғилиш кўрсаткичлари Қашқадарё вилоятида кузатилмоқда. Вилоятда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи республика бўйича 38,1 фоизга нисбатан 25,8 фоизни ташкил этади. Нишон туманида ушбу кўрсаткич 36,9 фоизга тенг (Нуристон шаҳарчасида — 53,6 фоиз). Болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш бўйича қуйидаги кўрсаткичларга эришиш юзасидан ишлар олиб борилмоқда: 2019 йил якунига қадар 37,3 фоиз, 2020 йил якунига қадар 47,6 фоиз, 2021 йил якунига қадар 56,8 фоиз.

Нуристон шаҳарчасидаги давлат МТМга навбатда 497 нафар бола турибди. Мазкур шаҳарча 2020 йилга мўлжалланган қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш дастурига киритилди. 2020 йилда шаҳарчада 240та жойли МТМ қурилади ва фаолият юритаётган 18-сонли МТМ ҳудудидаги 120та жойли бино қуриб битказилади».

Бизга тақдим этилган маълумотларга кўра, мазкур ҳудудда айни вақтда 3та давлат мактабгача таълим муассасаси:

- 18-сонли давлат мактабгача таълим муассасаси

- «Эркатой-1» МТМ

- «Эркатой-2» МТМ

Шунингдек, 6та нодавлат мактабгача таълим муассасаси ва оилавий боғчалар фаолият юритмоқда. Навбати билан уларга ташриф буюрдик.

Туманда фаолият юритувчи 18-сонли мактабгача таълим муассасаси 1980 йилда қурилган. У 240 ўринга мўлжалланган. Сўнгги йилларда олиб борилган реконструкция ишлари натижасида МТМ сиғими 375 ўринга етказилган. Хусусан, таъмирлаш ишлари учун 2018 йилда 100 млн сўм маблағ ажратилган, 2019 йилда эса унга қўшимча блок қўшиш орқали боғча ўрнини кенгайтириш режалаштирилган. Мазкур боғчага ташриф буюрар эканмиз, у каттагина майдонда жойлашгани, бинолар ҳам кенг қурилгани гувоҳи бўлдик. Атроф кўкаламзорлаштирилган, болалар ўйнаши учун ҳовлида ўйингоҳлар ташкил этилган. Айни дамда 375 нафар боладан 275 нафари куни узайтирилган гуруҳларда, 100 нафари эса қисқа муддатли гуруҳларда тарбияланмоқда.

Ҳудудда, бундан ташқари, «Шўртангазкимё» мажмуасига қарашли, 280 ўринга мўлжалланган 2та («Эркатой-1» ва «Эркатой-2») мактабгача таълим муассасалари бўлиб, унда айни кунларда 280 нафар бола тарбияланмоқда.

— Нуристон шаҳарчасида (2-секторда «Нуристон», «Кимёгар» ва «Нурчи» МФЙларда) 3-7 ёшгача бўлган болалар 1512 нафарни ташкил этиб, уларнинг 810 нафари мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган (53,5 фоиз), — дейди биз билан суҳбатда Нишон тумани мактабгача таълим бўлими мудири Баҳриддин Давлонов. — Бундан ташқари, 2та 50 ўринга мўлжалланган нодавлат боғчада 50 нафар, 1та 30 ўринга мўлжалланган давлат хусусий шерикчилиги асосидаги боғчада 30 нафар ҳамда 3та 75 ўринга мўлжалланган оилавий боғчада 75 нафар бола тарбияланади.

Мутасаддининг айтишича, 2020 йилгача шаҳарчада ҳарбийлар ва эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун яна қўшимча ўринли МТМлар ташкил этилади. Уларнинг сифати юқори даражада бўлади, чунки ҳозир тадбиркорлар ўзаро рақобатлашиш учун ҳам ўз боғчаларини янада замонавийлаштиришмоқда, қўшимча тўгараклар ташкил этишмоқда ва бу табиий равишда боғчалар фаолиятини яхшилашга сабаб бўлмоқда.

Табиий савол туғилади: бундай боғчаларда бир ойда ҳар бир бола учун қанча тўланади? Бу масала юзасидан ота-оналарга юзландик.

— Мен ҳар ой болам учун 55 минг тўлайман. Бундан арзон ва бундан қиммат боғчалар ҳам бор, аммо шуниси ишимга яқин ҳудудда жойлашгани учун шу боғчага қўйганман. Шароитлари мени қониқтиради, рус тилини ўргатишади, болалар билан ўйнатишади, — дейди биз билан суҳбатда Адиба Мавлонова.

— Ҳозир ҳамма боласини шунақа боғчаларга қўйишади. Кимдир қимматига, кимдир арзонига. Шароитига қараб. Мен масалан ойига 70 минг тўлайман. Бошқа боғчаларга нисбатан, қимматроқдир, лекин менга шуниси қулай. Шунга яраша болам нима еяпти, қандай шароитда ухлаб, қандай шароитда ўйнаяпти, назорат қилиб тураман, — дейди аҳоли вакилларидан яна бири Марям Мавлянова.

Демак, нарх-наво ўртача ҳисобда 50-80 минг атрофида. Буни қиёслаш учун вилоятнинг бошқа шаҳарлари, масалан, Қарши ёки Шаҳрисабз билан таққослаганда нисбатан арзонлигининг гувоҳи бўлиш мумкин. Чунки бу шаҳарларда хусусий боғчалар нархи ҳар бир бола учун ойига 150 мингдан 300 минг сўмгачани ташкил этади.

Бизнинг бу шаҳарчага ташриф буюришимиздан ҳеч бир раҳбар ёки мутасаддининг хабари йўқ эдики, журналистлар келди деб боғчаларни бундай кўркамлаштириб қўйишган бўлса. Ота-оналар кўзида ҳам хотиржамлик, биров четга тортиб, салбий фикр билдирмади. Барчаси табиийдек кўринди. Албатта, ўйлаганимиз, ишлар шу суръатда давом этаётгани рост бўлсин, давомий бўлсин. Чунки энди кўзбўямачилик билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди, халқ, одамлар ҳам бу ҳолатга қараб турмайди. Зеро, замон талаби ҳам шундай бўлмоқда.

Сарвар Анвар ўғли,
Kun.uz мухбири.

Кўпроқ янгиликлар