Венецияда гондола (қайиқ)да сузиш нима учун қиммат?

Lifestyle 22:27 / 12.06.2019 5330

Венециядаги гондольерлар (гондола) эшкакчиси оддий ҳайдовчи эмас, олий каста вакилидир. Гондола эса одатий ҳаракатланиш воситасидан асосий сайёҳлик аттракциони ва маҳаллий «обида»га айланган. Сайёҳлар сувдаги романтик саёҳат учун катта пул тўлашга тайёрлар.

Биз эса гондольерларнинг ҳаёти қандай эканлиги ва нима учун Венеция қайиғида сузиш арзон эмаслигига ойдинлик киритишга ҳаракат қилдик.

Фото: TripAdvisor

Гондольерлар қаерда ўқитилади?

Мактабга кичик ёшдаги венецияликлар 6 ёшдан боришади. 14 ёшдан 19 ёшгача йўналишни танлаб, юқори мактабда ўқишни давом эттирадилар. Гондола ва сув транспортини бошқаришни ўргатадиган мактаблар машҳур. Бундай мактабларда ўқиш обрўли, шунинг учун ҳам арзон эмас –йилига тахминан 4 минг евро. Оддий дарслардан ташқари жисмоний тайёргарлик бўйича дарслар кўп. Машғулотларнинг катта қисми – амалиёт – мактаб ўқувчилари Венециянинг тор каналларида машқ қиладилар.

Гондольер–аёл

Мактабда бўлажак гондольерлар орасида ўқувчи қизлар оз эмас. Бироқ улардан бир нечасигина имтиҳон топшириш ва ўз касби бўйича ишлашга муваффақ бўлади. Гондольерлар ассоциацияси бу аёллар иши эмаслигига ишонади. Венецияда эшкакчи аёллар сони бор-йўғи уч нафар. 2009 йилда 900 йилда илк маротаба Жоржия Босколо аёл жинсига мансуб сертификатга эга кемачига айланди. Соҳага бўлган муҳаббат унга отасидан мерос.

Энг жанжалкаш гондольер-аёл – Александра Хай. У узоқ вақт давомида лицензиясиз ишлаган ва фақат суд орқалигина ишлаш ҳуқуқига эга бўлган.

Қанча пул ишлаб топишади?

Касбга бўлган қизиқишнинг юқорилиги гондольерларга даромад келтиради. Улар шаҳарда ҳаммадан кўп пул ишлайдилар – ойига ўртача 12 500 евро. Таққослаш учун: сув таксичиси 3 500 еврога яқин, сантехника устаси – 1 500, полициячи – 2 500, қаҳвахона эгаси – 4000 евро олади.

Маҳаллий аҳоли гондольерларни сурбет деб ҳисоблайди. Эҳтимол уларнинг сердаромад ишларига ҳасад билан қарашгани учундир.

Фото: TripAdvisor

Иш жадвали ва нархлар

Хизмат нархи расмий тасдиқланган: 30 дақиқа – 80 евро, 19:00 дан кейин 30 дақиқа учун – 100 евро.

Иш жадвали сменали – уч кун иш, уч кун дам. Соат 9:00 дан сўнгги мижозга қадар. Албатта, гондольер якка тартибдаги тадбиркор сифатида қишда сайёҳлар камроқ бўлганида камроқ ишлаши мумкин.

Соф фойда ишлаб топилган пулнинг 25 фоизини ташкил этади. Қолгани қайиқни таъмирлаш ва тўловларга кетади.

Фото: TripAdvisor

Олий каста

Венецияда бор-йўғи 425 нафар гондольер бор деган фикр мавжуд. Аслида рақам ўзгариши мумкин, аниқ маълумотни билиш эса мушкул. Лицензияга эга гондольерлар жами 430 дан ортиқ – улар гондола ўзининг шахсий мулки бўлган кемачилар. Яна 150 нафарга яқин лицензияга эга қайиқчилар бор, улар касал бўлиш ҳолатларида касбдошлари ўрнига ишга чиқишади.

Яна бир нотўғри фикр – касб мерос бўлиб ўтади. Бу ерда ўрганиш  ва ишлаш бўйича ман этувчи қонунлар ва чекловлар йўқ. Асосий мураккаб жиҳат – навбат бир неча йилга чўзилган имтиҳонни кутиш. Аждодлари қайиқчилар бўлганларга синовдан муваффақиятли ўтиш ҳақиқатан ҳам осонроқ: чунки уларнинг кўпчилиги болалигидан эшкак эшишга ўргатилади.

Услубга эгалик

Кўплаб сайёҳлар йўл-йўл кўйлак ва сомондан тўқилган бош кийим кийган қайиқчиларни узоқдан танишади. Бироқ бари бу қадар содда эмас: форма қатъий белгиланган. Масалан, йўл-йўл чизиқлар фақат кўк ва қизил рангда, кенглиги эса – 2,5 см бўлиши лозим. Шим қора рангда бўлиши керак. Яқин-яқингача оёқ кийим ҳам фақат қора рангда бўлган, бироқ ҳозир танлаш имконияти берилган.

Шляпа кийиш ёки киймаслик – қайиқчининг шахсий иши. Бироқ ноқулайлиги сабабли кўпчилик ундан воз кечади. Қиш мавсумида эса Гондольерлар ассоциацияси қора куртка ва йўл-йўл шарф кийишга рухсат беради.

Фото: TripAdvisor

Анъаналар

Аслида Венецияда ҳозирда бор-йўғи 50 мингга яқин маҳаллий яшайди. Катта сайёҳлик оқими сабабли венецияликларга она шаҳарларида яшаш қиммат ва ноқулай тус олди. Гондольерлар ҳам бундан мустасно эмас. Шунинг учун ҳам уларни ишдан ташқари вақтда гондолаларда учратмайсиз.

Бор-йўғи 50 йил муқаддам Венеция сайёҳлар орасида бу қадар машҳур бўлмаган, гондольер касби ҳам обрўли саналмаган. У вақтларда қайиқчиларда ажойиб анъана бўлган: якшанба кунлари бутун оила аъзолари билан биргаликда сувда сайрлар ташкил этишган.

Фото: TripAdvisor

Автоулов нархига тенг

Шахсий гондолага эга бўлиш қиммат. Ўртача нарх – 30-90 минг еврога тенг. Қайиқни уста аниқ белгиланган нарх ва ташқи кўринишга мувофиқ бир неча ойда ясаб бериши мумкин. Бундай қайиқ 20 йил ва ундан кўпроқ хизмат қила олади.

Автоуловда бўлгани каби пулни тежаш ва олдин фойдаланилганини харид қилиш мумкин. Бироқ нархга хизмат кўрсатиш ва қўшимча харажатлар ҳам қўшилади. Масалан, бир йиллик тўхташ жойи учун тўлов тахминан 700 еврога тушади.

Фото: TripAdvisor

Сувда ҳаракатланиш қоидалари

Айрим гондольерлар тор жойдан ўтиш учун оёқлари билан ҳаракат қилишади. Уларга бундай қилиш осонроқ, бироқ қоида бўйича бундай қилиш мумкин эмас. Агар ўқувчи ана шундай хатога йўл қўйса, имтиҳон ҳисобга олинмайди. Профессионал ҳеч нарсага тегиб кетмасдан, фақат эшкак билан ҳаракатланишни билиши лозим.

Сувда ҳаракатланишнинг бошқа қоидалари ҳам бор. Масалан, қоронғу тушганида албатта фонус қўйиш керак. Агар эсдан чиқса – 150 евро тўлашга тўғри келади. Асосий тақиқ – очиқ денгизга сузиб чиқиш. Барча сув чорраҳаларида светофорлар бор, бироқ моҳир эшкакчилар уларга ишонишмайди ва етиб келганлари ҳақида баланд овозда маълум қилишни маъқул кўришади.

Ана шунақа. Венецияда қайиқда сузиш нима учун арзон эмаслиги сабабларини ҳам билиб олдингиз.

Кўпроқ янгиликлар