«Путин 1 соат рўпарамда ўтирди» — Кремлга Голуновни қўлловчи футболкада кирган қиз ичкарида нималар бўлганини сўзлаб берди

Жаҳон 23:19 / 12.06.2019 73328

Бугун, 12 июнь куни Москвада журналист Иван Голуновни қўлловчи норозилик акцияси ўтказилди. Намойишга чиққанлар Голуновга нисбатан сохта айбловлар қўйилганини қоралаб чиқишди. Норозилик акциясида 400 га яқин одам қўлга олинди. Кўчаларда норозилик намойиши ўтказилаётган бир вақтда Кремлда Россия куни муносабати билан (12 июнь куни Россия Собиқ Иттифоқдан ажралиб чиққан кун. Бундай кунни собиқ Иттифоқнинг қолган 14 давлати мустақиллик куни деб нишонлайди. Россия эса 14 та мустамлакасини расман бой берган кунини Россия куни деб номигагина нишонлайди) маданият соҳасида ўзини кўрсатганлар давлат мукофотлари билан тақдирланишди.

Шахсан Путиннинг қўлидан мукофот оладиганлар орасида пианиночи Николай Луганский ҳам бор эди. У маросимга қизи журналист Анна Луганская билан борганди. Анна Кремлга Россияда охирги кунлар қаҳрамонига айланган Иван Голуновни қўллаб-қувватловчи «Мен/Биз Иван Голунов» деб ёзилган футболка билан борди. Албатта, уни бу кийимда ичкарига киритишмаган бўларди, аммо журналист қиз ўзига хос тактика қўллади. Анна Кремлда нималар бўлгани ҳақида ҳикоя қилди.

Фото: Twitter/@maxseddon

«Мен ҳозир Москва давлат университетининг тарих факултетида магистратура бўлимида ўқийман. Чунки тарих менга доим ёққан. Ўқиш билан бирга Medialeaks нашрида ҳам ишлайман. Биласизми, ҳар хил митингларда, норозилик акцияларида қатнашишга одатланмаганман, лекин Голунов билан боғлиқ вазият мени ўзгача фикрлашга мажбур қилди. Ахир йўқ жойдан бир одамга наркотик қистириб кетиш тўғри эмас-да.

Унинг ўрнида биз ҳам бўлишимиз мумкин эди. Ҳар бир Москва фуқароси, шундай вазиятга тушиб қолиши мумкин бўлган ҳар қандай одам Голуновни ҳимоя қилиши керак эди. Ахир бу ҳолатга, бизнинг бирор танишимиз ёки яқинимиз ҳам бўлиши мумкин эди-ку, тўғрими?

Мен кўплаб танишларим каби Голуновнинг тақдиридан хавотирга туша бошладик. Дўстларим билан суд биноси олдига бориб «Иван Голуновга озодлик» деб бақирдик ва бу учун ўзимни қайсидир маънода бахтли ҳис қилдим. Шу орқали унга ёрдам бергандек бўлдим гўёки.

Голуновнинг ишини ёпишгани ва у озодликка чиққани ҳақида ишдалигимда билдим. Ўша вақт шунчалик хурсанд бўлдимки... Голуновнинг чиқишини жонли эфирда кўриб, жуда ҳаяжонландим. Унинг ити учун алоҳида ҳаяжонландим.

Футболкани кеча сотиб олдим. Аввалига бу футболкани кийиб намойишга бормоқчи бўлдим, лекин Голунов озод қилингач, бунга эҳтиёж йўқлигини сездим. Отам тақдирлаш маросимида унинг ёнида бўлишимни жуда хоҳлаганди. Менинг туйғуларим чалкашиб кетди. Ахир мен Кремлда бўлган вақтда ташқарида одамларни калтаклашаётганди. Шу боис ичкарида ўзимни ноқулай ҳис қилдим.

Бу футболкада Кремлга кирсам, мени кимдир кўради ва бу уларга қандайдир чорлов бўлишини англадим. Отам бошида бу кийимда боришимга қарши бўлди, лекин у менинг фикримни ҳурмат қилади.

Тўғрисини айтсам, Кремлга киргунча жуда қўрқдим. Шу боис футболканинг устидан кўйлак ҳам кийиб олдим. Керак вақтда кўйлакни ечаман деб ўйладим. Отам билан бирга мен, бувим ва бувам ҳам таклиф қилингандик. Буни қарангки, бизнинг жойимиз 1-қаторда экан. Шунда мен хотиржам бўлдим ва Владимир Владимировичга кўксимдаги ёзувни кўрсатиш учун бундай қулай имкон бўлмаслигини англадим.

Фото: Михаил Метцель / ТАСС

У (Путин) бутун соат давомида менинг қаршимда турди. Путин залга кириб келиши билан кўйлагимни ечдим. У менинг футболкамда нима ёзилганини кўрди ва ёзувларни диққат билан томоша қилди. Путин ёзувларни кўриб хурсанд бўлмади. Балки у шунчаки чарчагандир...

Кўйлакда бўлган вақтим операторлар, фотомухбирлар мени бемалол суратга олишди, лекин кўйлагимни ечиб, футболкада ўтирганимдан сўнг камералар мени айланиб ўта бошлади. Лекин узоқда турган бир оператор мени имлаб, кулди ва катта бармоғини кўрсатди.

Тадбирдан кейин танишларим, дўстларим мени табриклай бошлашди. Мен ғалати ҳолатга тушиб қолдим. Ҳаммаси кутилмаганда содир бўлди. Мен 16 июнь кунги акцияларда ҳам қатнашаман. Голуновга нисбатан ўша ишни уюштирганлар шунчаки ишдан кетишини эмас, жазога тортилишини хоҳлайман. Бундай иш бошқалар билан содир бўлмаслиги керак. Мен полиция ҳеч кимнинг чўнтагига наркотик ташлаб кетмаслигини, бу чиркин муаммо глобал миқёсда ҳал қилинишини хоҳлайман...»,- деб Анна Луганскаянинг сўзларини келтирмоқда «Медуза».

Кўпроқ янгиликлар