Ўзбекистонга яна бир енгил машина ишлаб чиқарадиган завод керакми? Аҳоли фикри

Ўзбекистон 18:40 / 12.06.2019 53938

Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқарувчи янги заводлар қуриш кераклиги ҳақида фикрлар янграмоқда.

Мавзунинг долзарблигидан келиб чиқиб, Kun.uz «Сизнинг фикрингиз» Telegram-каналида сўров ўтказди. Иштирокчилардан Ўзбекистонда енгил машиналар ишлаб чиқариш бўйича яна бир завод очиш кераклиги борасидаги фикрлари сўралди. Сўровда 3 044 киши қатнашди. Уларнинг 57фоизи Ўзбекистонда янги завод қуриш керак деб ҳисоблайди. Уларнинг фикрича, бозорда рақобат пайдо бўлади.

Сўровда иштирок этганларнинг 43 фоизи эса мамлакатда янги завод қуришга эҳтиёж йўқ деб ҳисоблайди. Уларнинг 35 фоизи божларни бартараф қилиш яхшироқ деб ҳисобласа, 8 фоизи машиналар барибир қиммат бўлишини айтган.

Аввалроқ иқтисодчи Юлий Юсупов Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқарадиган янги завод қуриш борасида ўз фикрини билдирганди.

«Тўғрисини айтсам, Ўзбекистон автомобиль бозорида рақобатни ривожлантириш ҳақида гап кетганида кўпинча янги корхона ташкил этишни назарда тутишларини умуман тушунмайман. Бу катта хато. Бир нечта ишлаб чиқарувчиларни кўтара олмаймиз! Уларнинг кераги йўқ! Бу соҳада миқёс эффекти кучли ишлайди: сотуви кам бўлган ишлаб чиқарувчида таннарх юқори бўлади», - деди у.

Иқтисодчининг фикрича, бу бозорда монополияга барҳам бериш учун импорт божларини пасайтириш керак. Ана шунда истеъмолчиларда танлаш имконияти, автосаноатчида эса рақобатчилар, бюджетда эса бозордан келадиган даромад (ҳозирда импорт озлиги учун деярли тўланмаётган божхона тўловлари) пайдо бўлади.

«Бундан қиммат эҳтиёт қисмлар учун «откат» оладиган ва автомобиль савдосидаги «шапка»дан кун кечирадиган коррупционерлар ҳамда рақобатни йўлга қўя олмайдиган самарасиз менежерларгина ютқазади», - деб ҳисоблайди у.

Умуман олганда, иқтисодчининг юқоридаги фикрини Буюк Британия мисолида тасдиқлаш мумкин. Бу мамлакатда Opel автозаводи Vauxhall бренди остида енгил машиналар ишлаб чиқаради. Шу билан бирга бу ерда бошқа русумдаги машиналарни ҳам кўриш мумкин. чегаралар импорт учун очиқ, аммо бунга қарамасдан, завод ҳеч қачон паст божхона божларидан шикоят қилмаган ва чегаралар ҳеч қачон Vauxhall манфаатларини ҳимоя қилиш учун ёпилмаган.

Кўпроқ янгиликлар