Ўзбекистон Россиядан мигрантлар учун регистрациясиз юриш муддатини узайтиришни сўради

Ўзбекистон 14:00 / 12.06.2019 24478

Ўзбекистон Россиядан ўз фуқароларининг регистрациясиз юриш муддатини икки мартага – етти кундан 15 кунга узайтиришни сўради. Бу масала Красноярскда бўлиб ўтган меҳнат миграциясини ривожлантириш бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишида муҳокама қилинди, деб хабар берди РИА Новости.

Таъкидланишича, бундай муддат Тожикистон фуқароларига нисбатан амал қилади.

"Россияда бўлиш ва ишга жойлашиш даврига кўникиш шароитларини яхшилаш мақсадида бу муддатни бизнинг фуқароларимиз учун ҳам ошириш мақсадга мувофиқ бўларди. Ишчи гуруҳ Ўзбекистон томонининг Ўзбекистон фуқаролари Россия ҳудудида регистрациясиз юришлари муддатини етти кундан 15 кунга узайтириш тўғрисидаги таклифини маълумот учун қабул қилди", - деди бандлик вазирлиги вакили.

Бундан ташқари, Ўзбекистон томони меҳнат қилувчи мигрантларнинг соғлиги тўғрисидаги тиббий хулосани ўзаро тан олиш тўғрисида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳукуматлараро битим лойиҳасини ҳам тайёрлади.

Россия ички ишлар вазирлигининг маълумотига кўра, Россияда 1 миллионга яқин ўзбекистонликлар меҳнат қилади.

Кўпроқ янгиликлар