«МЮ» ёздаги илк харидини амалга оширди

Спорт 20:10 / 12.06.2019 12852

21 ёшли яримҳимоячи Дэниэл Жеймс «Суонси»дан «Манчестер Юнайтед»га ўтди. Бу ҳақда манчестерликлар клуби расмий сайти хабар бермоқда.

Томонлар ўртасида 5 йиллик шартнома тузилган, келишувга кўра бу шартнома яна бир йилга узайтирилиши мумкин.

– Ҳаётимдаги энг катта чорловлардан бири, буни мен жуда ҳам кутгандим. Премьер-лига – жаҳондаги энг кучли лига, «Манчестер Юнайтед» –  мен футболчи сифатида ривожланишим учун энг мос жамоа.

Бу лаҳзалар мени ва менинг оиламни фахрга кўмади, аммо қайғулиси шуки: менинг отам бугун орамизда эмас ва қувончимизни бирга баҳам кўра олмайди.

Оле билан бирга ишлаш, шунингдек жамоа футболчилари билан учрашиб, тезроқ машғулотлар бошлашни сабрсизлик билан кутмоқдаман.

Менимча, ҳар бир бола «Манчестер Юнайтед»да ўйнаш орзусида катта бўлса керак.

Мен ҳеч қачон бу клубда ўйнаш тугул, бу клубга қарши майдонга тушиш ҳақида ҳам хаёл қила олмасдим, – дейди Жеймс.

Sky Sports нашри маълумотига кўра, «Суонси» футболчиси трансфери учун 15 миллион фунт олади.

Якунланган мавсумда ушбу вингер уэльсликлар клуби сафида 38 учрашувда майдонга тушиб, 5 гол урган ва 10 голга узатма берган.

Кўпроқ янгиликлар