Москвада Голуновни қўллаб-қувватловчилар марш ўтказишди. Навальний ва яна юзлаб кишилар қўлга олинди

Жаҳон 21:50 / 12.06.2019 14915

12 июнь куни Москвада «Медуза» журналисти Иван Голуновни қўллаб-қувватлаб, марш ўтказилди. Пойтахт полицияси маълумотига кўра, рухсат этилмаган акцияда 1200 нафардан ортиқ киши иштирок этган, 200дан ортиқ киши қўлга олинган. «ОВД-Инфо» хабарига кўра эса қўлга олинганлар сони 400 нафардан ортиқ, улар орасида журналистлар, шунингдек, мухолифатчи Алексей Навальний ҳам бор.

Марш аввалида «Чистые пруды» метро станцияси олдида юзлаб кишилар йиғилган. Улар орасида Алексей Навальний, «Левый фронт» ҳаракати координатори Сергей Удальцов, политолог Глеб Павловский, ёзувчи Григорий Остер бўлган.

Полиция аввал уларни тарқалишга чақирган, кўп ўтмасдан қўлга олиш ишлари бошланган.

Дастлаб «Медуза» журналистлари Илья Жегулев ва Андрей Перцев, «Дождь» телеканали мухбири Василий Полонский, «МБХ медиа» бош муҳаррири Вероника Куцилло, «Ведомости» мухбири Виталий Петлевой, «Эхо Москва» ходими Евгения Снеговани қўлга олишган.

Навальнийни ҳам ушлашган, унга 30 кунлик қамоқ жазоси таҳдид қилмоқда.

Акция иштирокчиларининг сўзларига кўра, аввалига кимнинг либосида Голуновни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги белги ёки ёзув («Я/Мы Иван Голунов») бўлса, уларни қўлга олишни бошлашган.

Полиция йўлларни тўсган ва акция иштирокчиларини ўраб олган.

Акция ташкилотчиларидан бири, «Медуза» журналисти Евгений Бергани вице-мэр Александр Горбенко билан телефон орқали мулоқот қилаётган вақтда (у амалдорнинг митинг бўйича саволларига жавоб бераётган бўлган) қўлга олишган.

«Иван Голуновни қўйиб юборишди. Бу яхши, ажойиб, класс. Иван Голунов озодлиги учун маршдан уч мақсад бор эди. Наркотикни ким ташлаб қўйганини топиш етарлимас. Асосийси, ким буюртма қилган ва ташкиллаштирганини аниқлашимиз керак. Ҳукумат эса бу ишни босди-босди қилмаслиги керак», деган маршнинг яна бир ташкилотчиси, «Новая газета» журналисти Илья Азар. Уни ҳам «маросимни ташкиллаштириш қоидаларини бузгани» учун қўлга олишган.

Кўпроқ янгиликлар