Ҳиндистон бош вазирининг самолёти Бишкекка Покистон устидан учиб ўтмайдиган бўлди

Жаҳон 16:50 / 12.06.2019 9589

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди самолёти ШҲТ саммити бўлиб ўтадиган Бишкекка етиб бориш учун Покистон ҳудуди устидан парвоз қилмайдиган бўлди. Бу ҳақда Ҳиндистон ТИВ вакили Равиш Кумар маълум қилди.

"Ҳиндистон ҳукумати бош вазир самолёти Бишкекка борадиган иккита йўлни ўрганиб чиқди. Самолёт Бишкекка Уммон, Эрон ва Марказий Осиё давлатлари орқали учишига қарор қилинди", - дея Кумардан иқтибос келтиради The Times of India.

Аввалроқ Покистон ҳукумати Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Бишкекда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитига бориши учун ўз ҳаво ҳудудини очишга қарор қилганини маълум қилганди.

13-14 июнь кунлари Бишкекда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитида Покистон бош вазири Имрон Хон ҳам иштирок этади.

Айни пайтда икки давлат ўртасидаги муносабатлар 14 февралда Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир штатида ҳинд ҳарбийларига қилинган ҳужум сабабли кескинлашган. Ўша кунги ҳужумда 45 киши ҳалок бўлганди.

Кўпроқ янгиликлар