«Ҳокимиятдан келиб бирга суратга тушиб кетаверишади. Фойдаси йўқ». Етти жон бир хонали хароб уйда яшаётган фарғоналик оила ноласи

Жамият 23:49 / 11.06.2019 47150

Мақола сарлавҳасидаги “хароб” сўзи ўрнида “хароба” иборасини ишлатишга хижолат бўлдим. Лекин водийнинг чекка туманидаги қишлоққа бориб, кўриб, эшитганларимни реал баҳолаш ниятидаман.

Ногиронлиги бор оила бошлиғи қийналган эса-да, жуда ориятли экан. “Мени кўпчилик танийди. Танишларим арз қилганимни кўрса хижолат бўламан”, дейиши инсонларнинг турфа характер эгаси эканлигидан далолат.

Ҳукумат идоралари эшигини тинимсиз тақиллатиб, ўзининг ҳокисор эканлигини таъкидлаб ёрдам сўрайдиган “дежурний” мурожаатчиларни ҳам кўряпмиз. Лекин биз бориб, ночор ҳолидан хабар олган хонадоннинг аҳволи ҳақиқатан ачинарли, аянчли ва уларнинг бугунги куни мулоҳаза ва мунозара учун катта мавзудир.

Биз қишлоқдошларининг мурожаати боис Фарғона вилояти, Учкўприк тумани, Қақир қишлоғи, Олтин водий маҳалласидаги Усмоновлар оиласига бордик.  

видео: youtube

видео: mover (Tas-IX)

Фотодаги бир хонали уй мана шу оиланинг асосий яшаш жойи. Эни уч, узунлиги ҳам 4-5 метр келадиган ҳеч қандай шароитсиз, афтодаҳол хонада барча оила аъзолари истиқомат қилади. Газ плита, идиш-товоқ, ётоқ кўрпалари, кийим-кечак аралашиб хонанинг ярми тўлган. Етти киши учун мана шу каталакдек хона – ётоқ, ошхона, дарсхона, ювиниш жойи вазифасини ўтайди. Қишлоқ жойларда томи йўқ уйларни бостирма дейишади. Қишда чакка ўтадиган, ёзда дим ва нафас олиш қийин бўлган иморат...

Ҳа, оиладагилар сони – 7 нафар! Ногиронлиги бор Эргашали ва Муҳаббатхон тўрт нафар қиз ва бир ўғилни тарбия қилишмоқда.

Тўғриси, шу пайтгача водий кезиб бу даражадаги хароба уйда яшашга мажбур бўлган оилани кўрмаган эдим. 

“Хўш, уларнинг бу ҳолатга тушишига сабаб нима?” деган саволга бафуржа жавоб излаймиз.

Оилага 2009 йили қишлоқ чеккасидаги жарлик ёнидан уй қуриш учун 6 сотих жой берилади. Бахтга қарши оила бошлиғи Эргашали оғир жигар касаллигига чалинган. Диагнози – жигар циррозининг илк босқичи. Дард билан олишишга пул етказишнинг ўзи қийин. Шунинг учун тошли ва жар ёқасидаги жойга уй қургани ҳеч имкон бўлмади.  Йиллар ўтиб, сурункали касаллик билан олишаётган оила бошига иккинчи синов келди. Ўртанча қиз Мастурабонуда юрак пороги касаллиги бор экан. Уни зудлик билан операция қилиш керак бўлиб қолди.

“Қизчамизнинг даво топишига бутун маҳалла жам бўлиб, жарроҳлик амалиётига 30 миллион пул йиғиб беришди. Операция яхши ўтди. Афсуски, кўкрагидаги операция ўрнидан йиринг оқиб, битиб кетмаяпти. Агар даволатмасак суягига ўтиб кетиши мумкин экан. Унга ҳам маблағ керак. Шифохонага ётқизгани эса пул йўқ”, дейди онаси Муҳаббатхон.   

Оиланинг тўнғич қизи Зулфизар катта бўлиб қолган. 16 ёшда. Энг кичик фарзанд Давлатжон эса ҳали чақалоқ. Бўйи етиб бораётган тўрт қиз ва эр-хотин чорасизликдан бир хонада яшаётгани ҳақида гапира туриб, Муҳаббатхон йиғлаб юборди.

Табиийки бизда “Наҳотки оила ҳолидан вилоят, туман ҳокимлиги, сектор раҳбарлари бирор марта хабар олишмаган бўлса?”, деган савол туғилди.

Оила бошлиғининг айтишича, уларнинг уйига охирги йилларда жуда кўп мутасаддилар, ишчи гуруҳлар келиб-кетибди. “Ҳар сафар келгач, қоғоз қоралаб кетишади. Расмиятчилик юзасидан келиб-кетиш бефойда эканига кўникиб қолганмиз. Уй-жойимизни суратга олишади. Ёки биз билан бирга суратга тушишади. Ахборот учун бўлса керак. Бир сафар Президент порталига мурожаат қилганимиздан сўнг туманнинг қайсидир раҳбарлари келди. “Икки хонали уй қуришга ёрдам беринглар”, деган сўровимизга “Бизнинг ҳудудда бу даражада қийналган хонадон борлигини билмаган эканмиз. “Сизлар уй қуринглар, биз шифер билан том ёпишга кўмак берайлик”, деган жавобни олдик.

“Маҳалла пул тўплаб қизимнинг операциясига ёрдам берди. Яқинда уй қуриб берамиз дейишганди. Унамадим. Ахир мендан бошқа ҳам муҳтожлар бор. Ўшаларга ёрдам беришсин. Агар куч-қувватим, соғлигим бўлганида ўзимиз қуриб олар эдик. Юз қадамдан ортиқ юра олмайман. Топганимиз беш боланинг қорни, устидан ошмаяпти. Жияним аёли билан Туркияга ишлагани кетаётиб, “Жигули” машинасини бериб кетган. Шунда кира қиламан. Тирикчилигимиз мана шу автомашина эвазига бўлиб турибди. “Жигули” эски бўлганлиги учун одамлар жуда кам чиқишади ”, дейди Эргашали.

Яқинда Фарғона вилояти ҳокимлигидан ҳам келиб-кетишибди. Қўшниларнинг айтишича, доимгидек бесамар хабар олиш экан.

Туманда йилига ногиронлар, кам таъминланганлар учун уйлар қурилади. Наҳотки беш фарзандли, боқувчиси бемор бўлган оилага ана шундай уй берилмаса? Ҳокимлик Муҳаббатхоннинг бу борадаги мурожаатларига “Сизларнинг ерингиз бор. Уй бермаймиз!”, дея жавоб қайтарган.

Олтин водий МФЙ раиси маслаҳатчиси Баҳромжон Тожибоев ҳам Усмоновлар оиласидаги қийин шароитни жуда кўп ишчи гуруҳ, ҳокимлик вакиллари келиб ўргангани, лекин амалий ёрдам бўлмагани ҳақида гапирди.

Туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Мунира Холмирзаева, “Оила маркази” раҳбари Одинахон Ҳакимовалар ҳам оила шароитини кўриб кетишган. Қани эди, кўриб кетиш билан иш битса...

Ҳоким ўринбосари рост гапирдими ёки йўқ?

Учкўприк туман ҳокимиятига бордик. Туман ҳокими Акмалжон Маҳмудалиевнинг қабулхонасида туман раҳбари йўқлигини айтишди. Ҳоким билан кейинроқ телефон орқали суҳбатлашдик.

Бизни туман ҳокимининг ўринбосари Мунира Холмирзаева ва “Оила маркази” бошлиғи Одинахон опа Ҳакимовалар қабул қилишди.

Хайриятки, ўз ҳудудида ўта қийналиб, инсон яшаши мумкин бўлмаган шароитда ўтирган оила ҳақида уларнинг хабари бор экан. Хабари бор экан-ку.. Лекин уларнинг гаплари уйсиз оила аъзолариники билан бир хил чиқмади.

Хотин-қизлар қўмитаси раиси Мунира Холмирзаева Қақир қишлоғига бориб, ночор хонадондан хабар олиб, ёрдам бериб туришларини айтди. Мутасаддилардан ночор оила бекаси Муҳаббатхоннинг “Ер майдонимиз борлиги учун бизга уй беришмас экан. Уй қуришга ёрдам сўраб неча марта бордим. Ҳеч ким гапимга қулоқ солмаяпти”, деган гапларининг аксини эшитдик.

Мунира Холмирзаева эса, “Шароитларини яхши биламан. Ўтган йили туманда касаба уюшма томонидан 27 та кам таъминланган оилаларнинг уйлари таъмирдан чиқарилди. 6 та оилага тўлиқ қуриб берилди. 2019 йилда уй қуриб бериш бўйича рўйхатда биринчи ўринда мана шу оила турибди”, дея маълумот берди.

Мутасаддига оила аъзоларининг уй берилишидан хабари йўқлигини айтиб, “Оиланинг шароитларини билар экансиз. Улар кўп йиллардан бери хароба уйда. Бирор яшаш жойи топиб, чиқариб туришга нега ёрдам бермадинглар?”, дея сўрадик.

Мунира Холмирзаеванинг бу саволга ҳам жавоби “тайёр” экан. “Мана яқинда Республика ишчи гуруҳи келди. Тумандаги коллеж ётоқхонасини кам таъминланган, қийналган оилаларга берадиган бўлдик. Ҳозир 40 хонадонга жойлар деярли тайёр. Усмоновлар оиласи ҳам уйлари қурилгунча мана шу жойга кўчиб ўтади”, деган умумий гаплардан иборат жавобни олдик. Қаранг-а... “Биз ишондик”.  

Мутасадди Усмоновлар қизининг операциясига туман ҳокимлиги, Ёшлар Иттифоқи ва бошқа ташкилотлар 4 миллион сўм миқдорида асосий ёрдамни берганини айтди. Балки...

Учкўприк тумани мутасаддиларининг бемор эр ва унинг хотини тўрт қиз, бир ўғил фарзанд билан бир хонада неча йиллардан бери яшаб келаётганидан хабари бўлган бўлса бордир. Лекин ёрдам беришмаса бундан нима наф?!

Ҳокимлик вакиллари ҳеч бўлмаса овқатланиш, ювиниш, ухлаш, дарс тайёрлаш, шуғулланиш учун имконияти йўқ бўлган ёш болаларни бошқа жойдан шароит қилиб кўчиришга ҳаракат қилиш ўрнига, оилани кўриб, ўргангани ҳақидаги маълумотнома учун суратларга тушиб қайтаверган. Ҳа, ҳозир энг асосийси суратга тушиб ахборот тайёрлаш.

Учкўприк туман ҳокимлиги мутасаддилари эса бизнинг саволларимизга вазиятдан чиқиб туриш учун “барча муаммолар тез кунда ҳал бўлади”, дея жавоблар тўқишди, чоғи.

Усмоновлар оиласи билан боғланиб, яна бир бор сўрадик. Ҳокимият оилага бу йил уй қуришга ва бошқа жойга кўчириб туришга ваъда бермаган экан.

Муҳтож оила қачон уйли бўлади? Мазкур саволга тез кунларда жавоб топамиз.

Айтгандай, оиланинг юраги операция бўлган ўртанча қизи Мастурабонуга даволаниш учун маблағ зарур. Агар кимда имконият бўлса, кўмак беришларини сўрардик.

Унинг отаси  Usmonov Ergashali номига очилган карта

Click/PayMe: 8600 0423 3245 1979 (Agrobank)

                                                                          Элмурод Эрматов,
KUN.UZ мухбири
Тасвирчи: Аҳрорбек Ёқубжонов,
 Фарғона -Учкўприк

Кўпроқ янгиликлар