Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд хотирасига бағишланган кураш бўйича I Халқаро турнир бўлиб ўтмоқда

Спорт 00:41 / 11.06.2019 4450

Бухорода кураш бўйича “Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини” учун Баҳоуддин Нақшбанд хотирасига бағишланган I Халқаро турнирнинг биринчи давра беллашувларига старт берилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Мусобақага 20 га яқин давлатдан номдор полвонлар ташриф буюриб, қатнашчилар сони жами 135 нафарни ташкил этди. Шундан 95 нафари хориж мамлакатларидан, 26 нафари турли вилоятлардан бўлса, 14 нафари Бухоронинг ўзидан.

Дастлаб ишқибозлар 52 кг вазн тоифасидаги қизлар – Мухлис Муҳаммадиева ва Озода Нурматова, шунингдек, 66 кг вазн тоифасидаги эркаклар – Чори Зоиров ва Аброр Жабборовлар ўртасида кечган қизғин беллашувга гувоҳ бўлишди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси
Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Якуний натижаларга кўра, 52 кг вазн тоифасидаги қизлар ўртасидаги беллашувда ўзбекистонлик Гулнор Сулаймонова 1-ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин Хитой Тайпейи вакили Соу Хеа Венга насиб этди. Яна бир ҳамюртимиз – Ойсулув Мажидова ҳамда қирғизистонлик Элиза Абдукадерова 3-ўринга муносиб кўрилди.

60 кг вазн тоифасидаги курашчилар ўртасидаги баҳсларда ўзбекистонлик Чори Зойиров – 1, қозоғистонлик Аманхан Оскенбаев – 2, афғонистонлик Чакмар Меражиддин ва ўзбекистонлик Фурқат Маъруфжоновлар 3-ўринларни эгаллашди.

Бундан ташқари, 66 кг вазн тоифасидаги беллашувларда Эрондан ташриф буюрган таниқли полвон Жаъфар Ферузободий 1-ўринга муносиб деб топилди. 2-ўрин ўзбекистонлик Миржон Тўхтаевга насиб этди. Афғонистонлик Шуабмуҳаммад Юсуф ҳамда ўзбекистонлик Қобилжон Аҳмедовлар 3-ўринни эгаллашди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси
Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

90 кг вазн тоифасида кечган кураш қизғин таассуротларга бой бўлди. Унда Шермуҳаммад Жандриев 1-ўринни қўлга киритиб, Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилди. Қирғизистонлик Жамалбек Асилбек ўғли – 2, ўзбекистонлик Нурислом Идрисов ҳамда Муҳаммадали Шамсиддиновлар 3-ўринни банд этишди.

100 кг вазн тоифасидаги полвонлар беллашувида бухоролик Эркин Дониёров ҳал қилувчи финал баҳсида эронлик Ҳамед Рашидийни мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритди. 3-ўринни ўзбекистонлик Элбек Абдуллаев ва қозоғистонлик Алмаз Шакаровлар эгаллашди.

Таъкидлаш жоизки, бу каби халқаро беллашувлар Ўзбекистонда нафақат спортни, балки спорт туризмини ҳам ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.

Кўпроқ янгиликлар