«Пахтакор» ОЧЛ антирекордини ўрнатди

Спорт 10:37 / 21.05.2019 11653

Тошкентнинг «Пахтакор» клуби Осиё чемпионлар лигасининг жорий мавсумида ҳам гуруҳ босқичидан ўта олмади.

«Шерлар» гуруҳ босқичининг 6-турида Саудия Арабистонининг «Ал-Аҳлий» клубига қарши ўзини дуранг натижа ҳам қониқтирадиган ўйиннинг қўшимча дақиқаларида гол ўтказиб, 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди ва гуруҳда саудияликларни олдинга ўтказиб юбориб, гуруҳда қолиб кетди. Гуруҳда Қатарнинг «Ас-Садд» клуби 10 очко билан 1-ўрин, «Ал-Аҳлий» 9 очко билан 2-ўринни эгаллаб плей-оффга чиқди, «Пахтакор» 8 очко билан учинчи бўлди.

Шу тариқа, «Пахтакор» ОЧЛ тарихида 10 марта гуруҳ босқичида қолиб кетган илк клубга айланди. Бундан ёмонроқ натижа фақат Қатарнинг «Ар-Райян» (9 марта, бу клуб умуман гуруҳ босқичидан ўта олмаган) ва Эроннинг «Сепаҳон» (8 марта) клублари томонидан қайд этилган.

Маълумот учун, «Пахтакор» Осиё чемпионлар лигасида жами 15 марта иштирок этган (бу борада фақат Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» клуби тошкентликлар билан тенглаша олади). Тошкент жамоаси икки марта ярим финалга етиб борган, бир марта чорак финалда ва бир марта нимчорак финалда иштирокини тўхтатган, яна бир марта плей-офф босқичида ютқазган.

Кўпроқ янгиликлар