Исроил ва ҲАМАС ярим йилга ярашув сулҳи тузди

Жаҳон 01:27 / 21.05.2019 4602

Исроил ва Ғазо секторини назорат қилувчи Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати ярим йилга ярашув ҳақида келишиб олди. Бу ҳақда The Times of Israel нашри хабар берди. 

Икки томон ҳам ўз шартларини қўйган. Фаластинликлар Ғазо сектори ва Исроил чегарасидаги тартибсизликларни тўхтатишга ва чегара бўйлаб 300 метрлик буфер ҳудудга риоя қилишга ваъда беришган. 

Исроил бунга жавобан Ғазо секторида фаластинлик балиқчилар учун балиқ овлаш ҳудудини кенгайтиради ва секторга дори-дармон олиб кирилишига рухсат беради.

Май бошида Исроил ва Фаластин Миср воситачилигида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш келишувига эришгани маълум қилинганди.

Исроил ва Фаластин ўртасидаги муносабатлар май бошида кескинлашган. 4 майдан 6 майгача фаластинлик жангарилар Исроилга 450 тага яқин ракета отган, Исроил авиацияси бунга жавобан ХАМАСнинг Ғазодаги 200дан кўпроқ объектига ҳужум қилган. 

ХАМАС 2007 йил июлда ФАТҲ ҳаракати билан ҳарбий ихтилоф давомида Ғазо устидан назоратни қўлга киритган.

Кўпроқ янгиликлар