АҚШнинг Ироқдаги элчихонаси “Катюша”дан ўққа тутилди

Жаҳон 01:37 / 20.05.2019 23584

Ироқ пойтахти Бағдоднинг “яшил ҳудуди”да “Катюша” реактив снаряди портлади. Бу ҳақда RT телеканали хабар берди. 

Таъкидланишича, снаряд тушган ушбу ҳудудда асосий вазирликлар ва элчихоналар, жумладан АҚШ элчихонаси жойлашган. 

Воқеа оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Айни вақтда ироқлик ҳарбийлар бошқа тафсилотларни келтиришмаган.

Al Arabiya телеканалининг хабар беришича, дастлабки маълумотларга кўра, АҚШ элчихонаси ўққа тутилган.  

“Яшил ҳудуд” 2003 йилда Саддам Ҳусайн тузуми ағдарилгандан кейин 10 квадрат километрлик ҳудудда пайдо бўлган. Аввал Ҳусайн саройлари, давлат идоралари, амалдорларнинг уйлари ва виллалари жойлашган, баланд тўсиқ билан ўралган ушбу ҳудудда Ироқнинг янги ҳокимияти идоралари, жумладан парламент қўним топган. У ерга фақат махсус биометрик рухсатномалар билан синчков текширувдан кейин кириш мумкин. Ҳудудга тушишнинг қийинлиги сабабли жангарилар уни миномётдан ва ракеталар билан ўққа тутиш амалиётини қўллашади.

“Катюша” Иккинчи жаҳон уруши вақтида собиқ иттифоқда ишлаб чиқилган кўп мақсадли ракета қурилмаси бўлиб, ушбу арзон ва самарали тизимларни оддий юк машиналарга ўрнатиш мумкин бўлган. Ушбу қурол урушдан кейин такомиллаштирилиб, кўплаб давлатларга, жумладан Ироққа етказилган. 

Кўпроқ янгиликлар