Ўзбекистон маданий сиёсатда нимага эътибор қаратиши керак? ЮНЕСКОнинг собиқ раҳбари ўз фикрини билдирди

Ўзбекистон 17:10 / 19.05.2019 4338

Москва халқаро муносабатлар давлат институти битирувчиларининг V форуми доирасида «Халқаро имиж сиёсати» мавзусида муҳокама сессияси бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистоннинг маданий мероси ва туристик салоҳияти хусусида сўз борди.

Ўзбекистон Маданият вазири ўринбосари Камола Оқилованинг маълумот беришича, жорий йилнинг август ойида Ўзбекистоннинг моддий ва номоддий ёдгорликларини сақлаб қолиш масалаларига бағишланган халқаро конференция ўтказилиши режалаштирилган.

«Мамлакатнинг тўртта шаҳри ─ Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз ва Бухоро ЮНЕСКОнинг умуминсоний мерослар рўйхатига киритилган. Шунингдек, номоддий ёдгорликлар рўйхатига киритилган кўплаб тарихий, маданий бойликларимиз ҳам мавжуд. Аммо уларни сақлаб қолиш, авлодларга етказиш билан боғлиқ муаммолар ҳам йўқ эмас. Ёдгорликларни сақлаш бу ─ стратегик муаммо. Шаҳарларнинг модернизациялашуви билан бир қаторда уларнинг тарихий аҳамиятини ҳам сақлаб қолишимиз лозим», ─ дея вазир ўринбосарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Форумда иштирок этган ЮНЕСКОнинг 2009─2017 йиллардаги бош директори Ирина Бокова Ўзбекистон тарихий-маданий аҳамиятини сақлаб қолиш учун нималарга эътибор қаратиши лозимлиги ҳақида гапирди.

«Шаҳарлар урбанизация ва модернизацияга юз тутаётган, шаҳар ландшафти ўзгараётган бир пайтда тарихий масканларнинг ўзига хослигини ҳам сақлаб қолиш керак. Бунда Ўзбекистон ЮНЕСКО мутахассислари билан мунтазам ҳамкорлик қилиши, уларнинг кўрсатмаларига амал қилиши лозим, деб ҳисоблайман. Замонавийлашув ҳисобига тархийлик йўқолмаслиги керак», ─ дейди Бокова.

Шунингдек, ЮНЕСКОнинг собиқ бош директори Ўзбекистон маданий бойликларнинг барча кўринишлари ─ тарихий иморатлар, фестиваллар, музейлар, халқ фольклори кабиларнинг барчасини тизимли асосда ривожлантириш орқали туризм иқтисодиётини яхшилаши кераклигини таъкидлади.

«Маданиятлараро муносабатларни мустаҳкамлашда толерантлик принципини ҳам сақлаб қолиш керак», ─ дея қўйшимча қилган у.

Ирина Бокова ўз нутқида келтиришича, ҳозирги кунда туризм нефть ва кимё саноатидан кейин учинчи ўриндаги энг сердаромад соҳа ҳисобланади. Туризмдан тушадиган даромад бутун дунё ялпи ички маҳсулотининг 10 фоизини ташкил қилади, ҳар 10та иш ўрнидан биттаси айнан туризм соҳасида яратилади.

«Ўзбекистон ҳозирда йилига 5 миллиондан ортиқ сайёҳни қабул қилмоқда. Туризмнинг аҳамияти ва иқтисодиётга фойдаси ортиб бораётган бир пайтда, сизнинг мамлакатингиз ҳам ўзининг бу борадаги имкониятларидан максимал фойдаланиши керак», ─  дея таъкидлаган Бокова.

Кўпроқ янгиликлар