Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни ташиш тартиби белгиланади

Ўзбекистон 14:47 / 16.05.2019 4826

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни ташиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Низом Ўзбекистон Республикасининг “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни (ГАППлар) ташиш тартибини белгилайди.

Низом талаблари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси органлари ва бўлинмаларининг экспертиза ва тезкор-қидирув фаолиятида, шунингдек Адлия вазирлигининг суд-экспертиза муассасалари фаолиятида фойдаланиладиган ГАППларни ташишга татбиқ этилмайди.

ГАППлардан иборат юкларнинг юк жўнатувчиси ва юк олувчиси фақат гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган юридик шахслар бўлиши мумкин.

ГАППларни автомобиль, шунингдек қўл юки сифатида ҳаво ва темир йўл транспорти билан ташиш ГАППларнинг хоссаларини биладиган ва улар билан муомала қила оладиган юкни жўнатувчи (юкни олувчи)нинг вакили – масъул шахснинг мажбурий кузатувида амалга оширилади.

Юк жўнатувчи (юк олувчи)нинг қарорига асосан ГАППларни ҳаво кемасининг юк-багаж бўлимлари ва юк темир йўл вагонлари билан (қўл юки сифатида эмас) ташиш масъул шахс кузатувида амалга оширилиши мумкин.

Юк жўнатувчи (юк олувчи)нинг қарорига асосан ГАППларни ташиш ушбу мақсадларга махсус ажратиладиган юк жўнатувчи (юк олувчи) ходимларининг қўриқловида амалга оширилиши мумкин.

ГАППларни кузатиш учун масъул шахс, шунингдек қўриқлаш ходимлари, ташишни амалга оширувчи ходимлар, автотранспорт воситаларнинг ҳайдовчилари (автомобиль транспортида ташишда) юк жўнатувчи (юк олувчи)нинг буйруғи (фармойиши) билан тайинланади.

ГАППларни ташишда йўлда бўлиш вақти 8 соатдан ортиқни ташкил этган тақдирда икки нафар ГАППларни кузатиш учун масъул шахс, икки нафар қўриқлаш ходими, шунингдек ҳар бир автотранспорт воситасига икки нафар ҳайдовчи (автомобиль транспортида ташишда) тайинланади.

ГАППларни ташишда масъул шахснинг ёнида юк жўнатувчи юридик шахс раҳбарининг имзоси ва унинг муҳри билан тасдиқланган ташилаётган юкларнинг товар-транспорт юк хати бўлиши керак.

ГАППларни ташиш учун масъул шахс мажбуриятларига қуйидагилар киради:

қўриқлаш ва кузатувни амалга ошираётган ходимларга, автотранспорт воситалари ҳайдовчиларига (автомобиль транспортида ташишда) ГАППларни ортиш, ташиш ва туширишда ташиш қоидалари, юкнинг тавсифи ҳамда шахсий, жамоат ва экологик хавфсизлик чоралари тўғрисида йўриқнома бериш;

юк олинадиган жойларда ГАППлар тўғри қадоқланганлигини ва уларнинг маркировкасини, тамғаларнинг бутлигини ташқи томондан кўздан кечириш ва ГАППларни қабул қилиш;

ГАППлар ортилишини, маҳкамланишини ва туширилишини кузатиш;

ГАППлар жўнатиш жойидан етказиш жойигача кузатиб борилишини ва қўриқланишини таъминлаш, ташиш йўналишига қатъий риоя қилиш; 

ГАППлар жўнатиш жойидан етказиш жойигача ташиш чоғида, шунингдек транспорт воситаларининг тўхтаб туриши давомида хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш;

қўриқлаш ва ташишни амалга оширувчи ходимларнинг шахсий хавфсизлигини, шунингдек жамоат, экологик хавфсизлик ва ГАППларнинг бутлигини таъминлаш чораларига риоя қилиниши юзасидан хатти-ҳаракатларига раҳбарлик қилиш;

белгиланган жойга келгандан кейин ГАППларни юкни олувчига топшириш.

ГАППларни қўл юки сифатида автомобиль транспортининг жамоат турларида, метрополитенда, трамвайда, троллейбусда ташилишига йўл қўйилмайди.

Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни автомобиль транспортида ташиш

ГАППларнинг автомобиль транспортида ташилиши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 ноябрдаги 482-сон қарори билан тасдиқланган Автомобиль транспортида йўловчилар ва багажни ташиш қоидалари ҳамда Низом талабларига мувофиқ амалга оширилади.

ГАППлар автомобиль транспортида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ташишга лицензияга эга бўлган юридик шахслар – ташувчилар (юкни жўнатувчилар, юкни олувчилар) томонидан ташилади.

Хавфли юклар тоифасига киритилган прекурсорларни автомобиль транспортида ташиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 16 февралдаги 35-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида хавфли юкларни автомобиль транспортида ташиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Ташиш учун масъул шахс вазифаларини автотранспорт воситасининг ҳайдовчисига юклаш тақиқланади.

Автотранспорт воситаси тўхтаганда ёки тўхташ жойида тўхташ тормози ишга туширилиши, қияликда қўшимча равишда жилишга қарши тиргак ўрнатилиши керак. Прекурсорларни ташишда ҳайдовчиларнинг дам олиш учун аҳоли пунктларида тўхташ тақиқланади.

Прекурсорларни ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситаси қуйидаги соз инструментлар ва асбоб-ускуналар билан таъминланиши керак:

автотранспорт воситасини авария юз берганда таъмирлаш учун қўл асбоблари тўплами;

ёнғинни ўчириш учун ёнғин ўчиргичлар, белкурак ва зарур миқдорда қум захираси;

ўлчами автотранспорт воситаси типига ва унинг ғилдираклари диаметрига мувофиқ бўлган юриб кетишдан сақлайдиган тиргак;

фойдаланилганда прекурсорларнинг ёнишини юзага келтирмайдиган тарзда конструкцияланган ўчиб-ёнувчи (ёки доимий ёниб турувчи) зарғалдоқ рангли чироқ билан жиҳозланган автоном таъминот манбали иккита ёритгич. Сутканинг қоронғи вақтида ёки кўриниши яхши бўлмаганда тўхтаб турганда, агар автотранспорт воситасининг чироқлари носоз бўлса, йўлга зарғалдоқ рангдаги чироқлар ўрнатилиши лозим: биттаси автотранспорт воситасининг олд тарафида тахминан 10 метр узоқликда, иккинчиси автотранспорт воситасининг орқа тарафида тахминан 10 метр узоқликда;

биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун дори қутиси;

ташиш учун масъул шахснинг, автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг, шунингдек ташишни амалга ошираётган ходимлар ҳамда қўриқлаш ходимларининг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлган миқдорда якка тартибдаги ҳимоя воситалари ва ташилаётган прекурсорларни нейтраллаштириш воситалари.

Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни ҳаво транспортида ташиш

ГАППларни ҳаво транспортида ташилиши Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодекси, Ўзбекистон Республикасининг авиация қоидалари “Хавфли юкларни ҳаво транспортида ташиш қоидалари” (ЎзР АҚ-198) (рўйхат рақами 1721, 2007 йил 25 сентябрь) ҳамда мазкур Низом талабларига мувофиқ амалга оширилади.

Ташишга қабул қилиш

ГАППларни ташишга қабул қилиш ва ташиш ташувчи авиакомпания томонидан ўрнатилган қоидалар ва стандартлар бўйича амалга оширилади.

Агар ташиш учун қабул қилинаётган ГАППлар хавфли юклар тоифасига кирса, уларни ташиш учун қабул қилишда Фуқаролик авиацияси халқаро ташкилоти (ИКАО)нинг хавфли юкларни ҳавода хавфсиз ташиш учун техник қўлланмалари инобатга олиниши лозим.

ГАППлар ҳам йўловчи, ҳам юк ташувчи ҳаво кемаларида ташилиши мумкин. ГАППларни доимий рейсларни бажарувчи ҳаво кемаларида ташиш юк ташиладиган идишлар учун мажбурий тарзда бутун ташиш йўналиши бўйлаб олдиндан жойни банд қилиш (бронлаштириш) шарти билан амалга оширилиши керак.

Хавфли юклар тоифасига кирувчи прекурсорларни йўловчи ташувчи ҳаво кемаларида ташилишига йўл қўйилмайди.

ГАППларни ташиш учун қабул қилишда уларни шартли равишда қимматбаҳо юклар тоифасига (VAL) киритиш ва бу тоифадаги юкларга тааллуқли бўлган ташиш қоидалари ва бутлигини таъминлаш регламентини қўллаш лозим. Агар ташиш учун қабул қилинаётган ГАППлар хавфли юклар тоифасига кирса, унда бу тоифадаги юклама учун белгиланган ташиш қоидаларини ҳам қўллаш лозим.

ГАППларни ташиш учун қабул қилишда ташувчи-авиакомпания томонидан ГАППларни жўнаш ва етказиш аэропортларида ушлаб туриш ва сақлаб туриш муддатини минималлаштириш, шунингдек НАППларни ташиш учун қабул қилишда

уларнинг бутлигини таъминлаш чораларини кўриш мақсадида юк жўнатувчи билан ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби олдиндан белгиланади.

ГАППлар ташишга қабул қилинганлиги ҳақидаги стандарт хабарларда ГАППларнинг юк туширишдаги аниқ номланиши (кимёвий формуласи)дан фойдаланилади.

Ташиш ҳужжатлари, қадоқлаш, маркировка

ГАППларнинг қадоғи ишончли ёпилиши, унда нуқсон (шикаст)лар бўлмаслиги лозим.

ГАППлар шундай қадоқланган бўлиши керакки, аниқ кўриниб турувчи ташқи аралашув изларини қолдирмасдан ичидагиларни алмаштириш ёки олиб қўйиш имкони бермаслиги лозим.

ГАППларнинг ҳар бир қадоғи юкни жўнатувчи ва ташувчи томонидан тамғаланган ва тортилган бўлиши, қайд этилган оғирлик ҳужжатлардаги оғирлик билан солиштирилган ва қадоққа ёпиштириладиган юк ёрлиқларида кўрсатилган бўлиши зарур.

ГАППларнинг ҳар бир қадоғи уларда нуқсонлар йўқлиги юзасидан текширилган бўлиши керак. Қадоқда нуқсони (шикасти) бўлган ГАППлар ташиш учун қабул қилинмайди.

ГАППлардан иборат трансфер юкнинг қадоқларида нуқсонлар аниқланганида трансфер пунктида (ушбу ёки ўзга юк ташувчининг бошқа рейсига қайта юклашда) юк қайта тортиб кўрилади, юкнинг қадоғи шикастланганлиги тўғрисида 2 нусхада далолатнома тузилади ва заруриятга қараб юк қайта қадоқланади ва янгидан тамғаланади. Далолатноманинг бир нусхаси ГАППлар билан бирга жўнатиладиган ҳужжатларга илова қилинади, иккинчи нусхаси трансфер аэропортда қолдирилади.

ГАППларни ташиш учун контейнер ва қулфланадиган қутилардан фойдаланилганда улар қуйидагиларни таъминлаши лозим:

ГАППларни контейнернинг тамғаланган қисмидан аниқ кўриниб турувчи ташқи аралашув изларини қолдирмасдан ёки юк ташувчининг тамғасини бузмасдан чиқариб олиш ва қайтариб қўйиш имконини истисно қилиши;

ГАППларни жойлаштириш учун фойдаланиладиган контейнернинг бутун майдони назорат тартибида кўздан кечириш учун қулай бўлишини, қулфланадиган қути ва контейнерларда ГАППларнинг бир қисми яширилиши мумкин бўлган яширин жойлар бўлмаслиги.

ГАППнинг ташиш ҳужжатларини расмийлаштиришда қуйидаги талаблар бажарилиши лозим:

авиа юк хати (накладной)да юк ичидагиларни “VAL” махсус ишлов коди, ва зарур ҳолларда, “Nature and Quantity of Goods” (юкнинг тавсифи ва хусусияти) устунида хавфли юкларни ишлов кодлари кўрсатилган бўлиши;

юк кузатув ҳужжатларида килограммнинг юздан бир қисмигача аниқлик билан ўлчанган ГАППнинг ҳақиқий оғирлиги ҳамда ҳар бир қадоқнинг ўлчамлари кўрсатилган бўлиши;

“VAL” махсус ишлов коди, ва зарур ҳолларда, хавфли юкларни ишлов кодлари юк манифестининг “Nature of Goods” (юкнинг тавсифи) устунида кўрсатилган бўлиши;

юк ҳақидаги маълумот стандарт бланкка ёки NOTOС (Special Load Notification to Captain – махсус юк тўғрисида ҳаво кемаси командирига хабарнома)га киритилиши.

Ташишни ташкиллаштириш

ГАППларга жўнатиш, трансфер қилиш ва етказиш пунктларида қайта ишлов бериш, уларни ортиш ва туширишда ҳақиқий қабул қилиб олинган юкнинг миқдори тўғрисидаги маълумотлар авиа юк хати (накладной) ва юк манифестига киритилган ёзувлар билан солиштирилиши зарур.

ГАППлар ташувчи жавобгарлигига бериш вақтдан бошлаб рухсатсиз яқинлашишдан ҳимояланган бўлиши керак. Агар ГАППларни бирор-бир сабабларга кўра қўриқланадиган ҳудудда жойлаштириш имкони бўлмаса, уларнинг бутлигини таъминлашнинг махсус чоралари кўрилиши лозим.

ГАППларни жўнатиш (трансфер қилиш, етказиш) аэропортларида сақлашда махсус журналда ёзма равишда қуйидаги маълумотлар қайд қилиниши керак:

ҳар бир қадоқнинг тавсифи (ўлчамлари, оғирлиги, бошқа фарқловчи хусусиятлари);

ГАППлар қўриқланадиган ҳудудга жойлаштирилган санаси ва вақти, ушбу ҳудудга юкни келтирган ва шу ҳудудга киришга рухсати бўлган шахслар тўғрисида маълумотлар;

ГАППлар қўриқланадиган ҳудуддан олиб кетилган санаси ва вақти ҳамда ушбу ҳудуддан юкни олиб кетган шахслар тўғрисида маълумотлар.

Ҳар бир ёзув юкни жўнатиш (трансфер қилиш, етказиш) аэропортининг мансабдор шахси имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак.

Жўнатиш жараёнида ГАППлар аэропортга ҳаво кемаси учишидан 3 соат олдин тамғаланган қадоқда келтирилиши ва белгиланган тартибда ташувчининг ваколатли шахсларига топширилиши, ташувчи томонидан ажратилган қўриқлаш хизмати ва авиация хавфсизлиги хизмати иштирокида тўпланиши ва ҳаво кемаси бортига ортилиши керак.

ГАППлар юк ташиш учун масъул шахснинг кузатувида ташилганда, ушбу шахс йўловчи сифатида ташилади ҳамда авиация қоидалари билан белгиланган учиш олди текширувлардан ўтказилади.

Гиёҳвандлик воситалари ва уларнинг аналоглари ҳаво кемасининг юк-багаж бўлимларида ташилганда ташиш учун масъул шахс юкнинг ҳаво кемасига етказилишини ва ундан олиб кетилишини кузатиб туриши, юкни ортиш ва тушириш ишларини назорат қилиши, гиёҳвандлик воситалари ва уларнинг аналоглари юклагандан сўнг юк бўлинмалари тамғаланганлигини текширишга мажбур.

Ташиш учун масъул шахс йўловчилар салонига охирги навбатда, гиёҳвандлик воситалари ва уларнинг аналоглари ортилганидан ҳамда барча бошқа йўловчилар салонга чиқиб бўлганидан сўнг киради.

ГАППларни қўл юки сифатида ҳаво кемасининг йўловчилар салонида ташишда, ГАППлар, ташиш учун масъул шахс ва қўриқлаш ходимлари ҳаво кемасига бошқа йўловчилардан алоҳида етказилади ҳамда йўловчилар салонида улар учун ажратилган жойларга йўловчилар киришидан олдин ёки кейин жойлаштирилади.

Юк етиб келгандан сўнг уни сақлаш ва бериш

Юкни олувчига ГАППлар етиб келганлиги ҳақида хабар бериш юк уни етказиш аэропортига етказган ҳаво кемасидан тушириб олинганидан сўнг 3 соат ичида амалга оширилиши керак.

Юк ташувчи ГАППларни фақатгина авиа юк хати (накладной)да кўрсатилган юк қабул қилувчига, ёхуд у томондан бундай ваколатлар юклатилган ҳамда авиа юк хати (накладной)да кўрсатилган шахсга топширади.

ГАППларнинг топширилиши юкнинг бутлигини таъминлаш чоралари кўрилган ҳолда амалга оширилиши лозим.

Ташувчи ГАППларни юк хати (накладной)да кўрсатилган барча шартлар бажарилгандан сўнг қабул қилувчига беради ва юк топширилганлиги фактини юк қабул қилувчининг юк авианакладнойи нусхасида қабул қилувчи имзоси билан тасдиқлайди, булар охирги ташувчида юкни қабул қилинганлиги тўғрисидаги тилхат ва ташиш шартномаси бажарилганлигини тасдиқловчи далил сифатида қолади.

ГАППларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг талабига кўра ёки юкни олувчи йўқлиги сабабли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига бериш, ГАППларни юкни олувчига топшириш ҳисобланади, бунда ташувчи юкни жўнатувчига ёки юкни олувчига ГАППлар бундай тарзда топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни ҳамда юкнинг бу турда топширилиши асосланганлигини исботловчи ҳужжатларни тақдим қилади.

Агар юкни олувчи ГАППлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган етказиш пунктига етиб келганлиги тўғрисидаги хабарнома жўнатилгандан сўнг уни талаб қилиб олмаса, қабул қилишдан бош тортса ёки қабул қила олмаса, ташувчи юкни жўнатувчига ГАППларни юкни олувчига бериш имкони йўқлиги ҳақида хабар бериши ва юкни жўнатувчи томонидан ГАППлар бўйича бир бир қарор қабул қилгунига қадар уларни юкни жўнатувчи ҳисобидан сақлаш учун ўзида қолдириши зарур.

Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни темир йўл транспортида ташиш

ГАППларни темир йўл транспортида ташилиши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 апрелдаги 109-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспортида йўловчилар, багаж ва юк багаж ташиш қоидалари ҳамда 2011 йил 30 ноябрдаги 314-сон қарори билан тасдиқланган Темир йўл вокзалларида (станцияларида) йўловчилар ва бошқа шахсларни, қўл юкини, багажни кўздан кечириш тартиби тўғрисидаги низом ҳамда мазкур Низом талабларига мувофиқ амалга оширилади.

ГАППларни темир йўл транспортида ташишда қуйидаги умумий талаблар белгиланади:

ГАППларни ташишга тайёрлаш бўйича;

ГАППларни ташиш учун фойдаланиладиган идиш ва қадоқларнинг яроқлилиги бўйича;

ГАППларни ташишда назоратни ташкил этиш бўйича.

ГАППларни ташишга қўйиладиган талаблар юкни жўнатувчи, юкни олувчи, ГАППларни ташиш жараёнида қатнашувчи темир йўл транспорти ходимлари, ташиш учун масъул шахс, шунингдек ҳаракатланувчи йўловчи ва юк вагонларини, ГАППларни ташишда фойдаланиладиган контейнерларни ишлаб чиқариш, уларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш билан шуғулланувчи, юкни жўнатувчи ва юкни олувчига транспорт-экспедиция хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар учун мажбурий ҳисобланади.

ГАППларни юклаш меъёрлари, уларни ташиш учун йўловчи ва юк вагонларнинг типини танлаш, ушбу мақсадларда уларнинг техник ва тижорат жиҳатдан яроқлилигини аниқлаш, ГАППларнинг вагонларда маҳкамланиши темир йўл устави, юкларни ташиш қоидалари, йўловчи ва юк ташиш қоидалари талабларига мувофиқ бўлиши лозим.

Ташишга қабул қилиш, ташишни ташкил қилиш

ГАППлар ташиш учун тақдим этилиши фақат умумий фойдаланиш жойларидан ташқарида амалга оширилади, умумий ҳамда умумий бўлмаган фойдаланиш жойларида қабул қилиниши мумкин бўлган кичик ва контейнерли жўнатмалар бундан мустасно.

ГАППларни, бу турдаги юкларни юклаш ва тушириш учун тегишли жиҳозлар ва мосламаларга эга бўлмаган умумий ҳамда умумий бўлмаган фойдаланиш жойларида ортиш тақиқланади.

ГАППларни ташиш ҳам йўловчи, ҳамда юк вагонларида амалга оширилиши мумкин. Доимий рейслар бажарадиган темир йўл транспортида ГАППларни ташиш бутун йўналиш бўйича ташилаётган юклар учун жойларни олдиндан мажбурий бронлаштириш шарти билан амалга оширилади.

“Нетто” оғирлиги (юкнинг соф оғирлиги) 1 килограммдан, лекин ҳажми 1 литрдан ортиқ бўлмаган кичик қадоқлардаги ГАППларни ташиш юкларни ташиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Юк жўнатувчи томонидан ГАППлар ташишга фақатгина юкларни ташиш қоидаларида белгиланган жўнатиш турлари билан, ушбу маҳсулот учун ишлаб чиқарувчи томонидан назарда тутилган техник ҳужжатларда белгиланган идиш ва қадоқларда тақдим этилиши лозим.

Хавфли юклар тоифасига киритилган прекурсорларни йўловчи поездларда ташилишига йўл қўйилмайди.

Психотроп моддалар ва прекурсорлар юк вагонларида ташилганда ташиш учун масъул шахс юкнинг вагонга етказилишини ва ундан олиб кетилишини кузатиб туриши, юкни ортиш ва тушириш ишларини назорат қилиши, психотроп моддалар ва прекурсорлар юклагандан сўнг юк бўлинмалари тамғаланганлигини текширишга мажбур.

Ташиш учун масъул шахс йўловчи вагонига охирги навбатда, психотроп моддалар ва прекурсорлар ортилганидан ҳамда барча бошқа йўловчилар салонга чиқиб бўлганидан сўнг киради.

Гиёҳвандлик воситалари ва уларнинг аналоглари қўл юки сифатида йўловчи вагонида ташилганда ташиш учун масъул шахс поезд жўнашидан камида 2 соат олдин станция (вокзал) бошлиғи ҳузурига етиб келишга ва қўл юки сифатида ташиладиган юкни тақдим этишга мажбур.

Станция (вокзал) бошлиғи юк қадоқнинг ташқи ҳолатини ва зарур бўлганда юкнинг “брутто” (юкнинг идиши билан умумий) оғирлигини текшириши шарт.

Ташиш учун масъул шахсни поездга ўтказиш худди шундай юкни олиб ўтаётган бошқа йўловчи бўлмаган тақдирда навбатсиз амалга оширилади.

Ташиш учун масъул шахснинг поездга ўтказилганлиги тўғрисида станция (вокзал) бошлиғи поезд бошлиғи (бригадири)ни хабардор қилишга ҳамда бу ҳақда билдирги ва йўл қатновида белги қўйишга мажбур.

Гиёҳвандлик воситалари ва уларнинг аналогларини қўл юки сифатида йўловчи вагонида ташишда ташиш учун масъул шахс ва қўриқлаш ходимларига алоҳида купе ажратилиши лозим, бунда купедаги барча жойлар тўланган ва йўл ҳужжати (билет)да купедаги барча жойлар кўрсатилган бўлиши керак.

Бунда гиёҳвандлик воситалари ва уларнинг аналоглари, ташиш учун масъул шахс ва қўриқлаш ходимлари йўловчи поездига бошқа йўловчилардан алоҳида етказилади ҳамда улар учун ажратилган купега йўловчилар киришидан олдин ёки кейин жойлаштирилади.

Йўловчи поездларида ГАППларни ташишда қўл юки сифатида бир нафар йўловчи учун ўрнатилган қўл юки нормаларида белгиланган миқдордаги ГАППларнинг ташилишига рухсат берилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 12 августдаги 177-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати нарядлари томонидан қўриқланиши ва кузатиб борилиши керак бўлган юклар рўйхатига киритилган ГАППларни ташишда улар мажбурий тартибда юкни жўнатувчи (юкни олувчи) ҳисобидан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг ҳарбийлаштирилган қўриқлови билан таъминланади.

ГАППлар юкни жўнатувчи (юкни олувчи)нинг қўриқлаш ходимлари қўриқловида ташилганда, ушбу ходимлар юкни қўриқлаш мажбуриятларидан фақатгина юкнинг келгусида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати қўриқлови остида темир йўл бўйлаб ташилиши учун топширилган вақтдан бошлаб озод бўлишлари мумкин.

Прекурсорларни юк поезди билан ташишда фавқулодда вазиятлар (авария, ёнғин, портлаш, табиий офат, ва ҳ.к.) юзага келганда ёки прекурсорларнинг сизиб чиқаётганлиги аниқланганда, поезд машинисти ёки унинг ёрдамчиси бу ҳақда тегишли чоралар кўрилиши учун дарҳол энг яқин станция навбатчисини хабардор қилишга мажбур.

Бундай хабарни олган станция бошлиғи транспортда хавфсизликни таъминлаш ички ишлар органлари вакиллари билан ҳамкорликда дарҳол ҳодисани ва унинг оқибатларини бирламчи бартараф этиш, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, юкни қўриқлаш, юкни олувчини хабардор қилиш, шунингдек воқеа жойига ҳодиса ва унинг оқибатларини бартараф этиш учун авария-қутқарув бригадалари етиб келиш бўйича тадбирларнинг амалга оширилишини ташкиллаштириши лозим.

Ортиш ва туширишга бўлган талаблар

ГАППларни ортиш ва тушириш темир йўл устави, юкларни ташиш қоидалари ва бошқа норматив техник ҳужжатлар талабларига мувофиқ амалга оширилиши лозим.

Юкни жўнатувчи ушбу маҳсулот учун белгиланган стандарт меъёрлари ёки техник шартларидан ошмаган ҳолда ГАППларни вагонларга ва контейнерларга юклаши шарт.

ГАППларни вагонлар ва контейнерларда, шунингдек очиқ ҳаракатланувчи составдаги махсус контейнерларда жойлаштириш ва маҳкамлаш юкларни юклаш ва маҳкамлаш техник шартларига мувофиқ амалга оширилиши керак.

Юкларни вагонлар ва контейнерларда маҳкамлаш учун фойдаланиладиган материал ташилаётган ГАППларга нисбатан инерт бўлиши керак.

Якуний қоидалар

Ташиш давомида ГАППларнинг йўқотилиши ёки талон-торож қилиниши аниқланганда ёки улар жойлаштирилган идишлар ва қадоқларда рухсатсиз аралашув излари топилганда, ташиш учун масъул шахс:

ҳаво ва темир йўл транспорти билан ташишда – энг яқин станция навбатчисини (қўниш аэропорти диспетчерини), юкни олувчини хабардор қилиш ва инцидентни расмий қайд этиш юзасидан ҳодиса ҳақида дарҳол поезд бошлиғи (бригадири)га (ҳаво кемасининг экипажи аъзосига) етказиши;

автомобиль транспорти билан ташишда – ҳодиса ҳақида дарҳол энг яқин ички ишлар органи (пости) ва юкни олувчига етказиши;

юкни қидириб топиш ва ҳодиса жойининг дахлсизлигини таъминлаш чораларини кўриши лозим.

Кўпроқ янгиликлар