Умид Аҳмаджонов МОҚ президентлигидан истеъфога чиқди

Спорт 18:06 / 15.05.2019 47201

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов истеъфога чиқди. Бу маълумотни унинг ўзи Kun.uz’га тасдиқлади.

«1 йилдан ортиқ вақт мобайнида менга мана шундай ишонч билдирилгани ва катта имконият яратиб берилгани учун ҳукуматимизга миннатдорчилик айтиб қоламан. Юртимизда спортга қаратилаётган юксак эътиборни атлетларимиз халқаро майдонлардаги натижада акс эттира олишди. Шу вақт мобайнида биз бир жамоа бўлиб, катта-катта марраларни забт этдик. Юртимиз спортчиларини келажакда улкан ютуқлар кутиб турибди. Ишонаманки, яқинлашиб келаётган Токио Олимпаидасида улар бундай ишончни оқлаб қайтишади», дейди Аҳмаджонов Kun.uz мухбири учун берган интервьюсида.

Бугун, 15 май куни Миллий олимпия қўмитасида бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида мазкур масалага бағишланган йиғилиш бўлиб ўтади. Унда Аҳмаджонов истеъфога чиқарилиб, қўмитанинг янги президенти эълон қилиниши кутилмоқда.

Айни вақтда қўмита раҳбарлиги учун номзодлар кўриб чиқилмоқда.

Ҳозирча Аҳмаджоновнинг ишдан кетиш сабаблари маълум эмас.

Маълумот учун, Умид Аҳмаджонов бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон футбол ассоциациянинг биринчи вице-президенти лавозимида ҳам фаолият юритади. У ЎФФда қолиш-қолмаслиги ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

Эслатиб ўтамиз, Умид Аҳмаджонов 2018 йил 16 январь куни Алишер Султонов ўрнига қўмита президенти этиб сайланганди.

Аҳмаджонов қўмитага президентлик қилган даврда ўзбекистонлик спортчилар Осиё ўйинларида медаллар қўлга киритиш бўйича рекордни янгилади (21та олтин - 24та кумуш - 25 та бронза – жами 70 медаль).

Бундан аввалроқ Аҳмаджонов Марказий Осиё Футбол Ассоциацияси раҳбарлигидан кетганди.

Кўпроқ янгиликлар