Швейцария нашрида Ўзбекистон “Минг бир кеча” эртаги даврига қиёсланди

Жаҳон 23:23 / 15.05.2019 15142

Швейцариянинг Aargauer Zeitung газетаси Ўзбекистонни “Минг бир кеча” эртаги тасвирий майдонига қиёслади. Мақола Анника Бангертернинг Швейцария ва Германия журналистларидан иборат гуруҳ билан Ўзбекистонга пресс-тур доирасида амалга оширган ташрифи маҳсулидир. Мазкур пресс-тур Ўзбекистоннинг ГФРдаги элчихонаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК қўллаб-қувватлаши остида Gebeco туркомпанияси томонидан ташкил этилган.

“Қадимда карвонлар ҳозирги Ўзбекистон ҳудудини кесиб ўтиб, унинг шаҳарларини жаҳон маданияти жавоҳирларига айлантирган. Бугун мамлакат дунёга очилмоқда ва бутун дунё сайёҳларини ўзининг тарихий обидалари билан жалб қилмоқда. Энди “Ипак йўли” давридаги каби хорижий сайёҳларни мамлакатга ташриф буюришга ҳамда унинг ажойиб меъморий ёдгорликларидан завқ олишга чорлашмоқда. Уларни умрида бир марта бўлса-да кўрган инсон ижод маҳсулининг гўзаллигидан ҳайратда қолади”, - дейилади манбада.

Aargauer Zeitung’даги мақолада мамлакат “Минг бир кеча” эртагидаги жойларга қиёсланади: “Ўзбекистонга саёҳат қилар экансиз, ўзингизни “Минг бир кеча” эртагининг тасвирга олиш майдончасига тушиб қолгандек ҳис қиласиз. Бироқ лойсувоқ деворлар, ям-яшил дарахтлар ёки нафис нақшлар – сценарийнавис ўйлаб топган нарсалар эмас. Улар – тарихнинг реал гувоҳлари, ўрта асрлар улуғворлиги".

Шунингдек, мақолада Ўзбекистоннинг Хива, Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари қадимда халқаро савдо марказлари бўлгани таъкидланади.

“Хива шаҳрининг тарихий маркази, Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари марказлари каби, ЮНЕСКО бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Лойсувоқ бинолар, ферузаранг гумбазлар ва Шарқ ҳукмдорларининг саройлари очиқ осмон остидаги ҳақиқий музейдир. Унда 1200 га яқин киши яшайди. 100 минг кишининг кундалик ҳаёти шаҳар тарихий маркази ташқарисида қайнайди”, - дейилади Швейцария газетасида.

Мақолада Самарқанд ҳақида ҳам сўз юритилиб, унинг асосий майдони Регистон сайёҳлар энг кўп ташриф буюрувчи маскан экани қайд этилади.

“Майдонда уч мадраса қад кўтарган бўлиб, уларнинг гўзаллигини таърифлашга сўз ожиз. Обидаларнинг улкан гумбазлари мовий рангда товланади. Нақшлар билан безатилган деворларга ҳам кўкиш рангларда ишлов берилган”, - дейилади унда ва Тилла Қори мадрасасига алоҳида урғу берилади.

Бундан ташқари, газетада XIV асрларда соҳибқирон Амир Темур томонидан барпо этилган Шохи Зинда ёдгорлиги таърифланади ва шу ўринда Амир Темурнинг Ўзбекистонда миллий қаҳрамонлардан бири, ўзбек давлатчилиги асосчиси сифатида тан олиниши таъкидланади.

Кўпроқ янгиликлар