Bayer саратон билан касалланган икки кишига 2 млрд доллар тўлаб беради

Жаҳон 07:38 / 14.05.2019 7836

Сан-Франциско суди Bayer концернига Roundup гербициди билан алоқадан кейин саратон касалига учрагани таъкидланаётган 2 америкаликка 2 млрд доллардан кўпроқ компенсация тўлаб бериш мажбуриятини қўйди. 

Маълум қилинишича, компенсация Калифорния штатида яшовчи Элва Пиллиод ва унинг рафиқаси Албертага тўланади. Аввал улар Roundup’ни ишлаб чиқарувчи Monsanto компанияси устидан судга арз қилишган. Уларнинг таъкидлашича, Roundup билан алоқадан кейин уларда лимфома пайдо бўлган. Bayer эса Monsanto’ни 2018 йилда 63 млрд долларга сотиб олган. 

Ҳакамлар суди Monsanto ҳам, Bayer ҳам Roundup одамларда саратон келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида истеъмолчиларни тегишлича воқиф қилмагани ҳақидаги хулосага келган. 

АҚШда Monsanto ва Bayer’га қарши юзлаб шикоятлар берилган. Компаниялар глифосат номи билан ҳам маълум бўлган Roundup гербицидининг канцерогенлиги ҳақидаги маълумотни атайин яширганликда айбланмоқда. Бироқ Bayer бу айбловларни рад этмоқда ва кўп сонли тадқиқотлар глифосатнинг инсон организми учун хавфи йўқлигини кўрсатганини таъкидламоқда.

2018 йил сентябрда АҚШнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги узоқ давом этган тадқиқотлардан кейин қишлоқ хўжалигида қўлланувчи глифосат саратон касалликларини келтириб чиқармаслиги ҳақидаги хулосага келган. Шу билан бирга Саратонни ўрганиш бўйича халқаро агентлик ушбу гербицидни инсонга канцероген таъсир қилиши мумкин бўлган модда сифатида таснифлаган.

Кўпроқ янгиликлар