«Кўз очиб юмгунча». АПЛда энг тезкор гол рекорди янгиланди (видео)

Спорт 10:07 / 24.04.2019 18559

23-24 апрель кунлари Англия Премьер-лигасида 31-турнинг кечиктирилган учта учрашуви бўлиб ўтмоқда. Кеча «Уотфорд»-«Саутҳэмптон» ўйини дуранг билан якунланди – 1:1.

Эътиборлиси, ушбу баҳснинг 7-сониясидаёқ ҳисоб очилди. «Саутҳэмптон» ҳужумчиси Шейн Лонг старт ҳуштаги янграгач рақиб ҳимоячисининг хатосидан кейин мезбонларни жазолади ва АПЛ тарихидаги энг тезкор гол муаллифига айланди. Аниқроқ айтганда, тўп дарвоза чизиғини кесиб ўтганида ўйин бошланганига 7 секунд-у 69 миллисония вақт ўтган эди.

Шу тариқа, «Тоттенҳэм»нинг собиқ футболчиси Ледли Кинг 2000 йилда «Брэдфорд» дарвозасини 9-секундда ишғол этиб, ўрнатган рекорди янгиланди.

Ушбу тезкор голга «Уотфорд» 90-дақиқада Андре Грейнинг голи билан жавоб қайтарди. Ушбу натижадан сўнг «Саутҳемптон» 16-ўринни эгаллаб турибди, «Уотфорд» эса 7-ўринга кўтарилиб олди.

Бугун 31-тур доирасидаги «Вулверҳэмптон» – «Арсенал» ва «Манчестер Юнайтед» – «Манчестер Сити» учрашувлари ҳам бўлиб ўтади. Биринчи баҳс Тошкент вақти билан соат 23:45да бошланса, иккинчиси ундан 15 дақиқа кейин – 00:00да старт олади.

Кўпроқ янгиликлар